
АҚШ меҳнат бозорида вазият тобора оғирлашиб бормоқда. Меҳнат статистикаси бюроси (BLS) эълон қилган янги маълумотларга таянадиган бўлсак, жорий йил ноябрь ойида ишсизлик даражаси 4,6 фоизга чиқиб, охирги тўрт йилда кузатилмаган энг юқори кўрсаткични қайд этди. CNN таҳлилига кўра, бу рақам меҳнат бозоридаги силжишлар аҳоли саломатлиги ва иқтисодий барқарорликка жиддий таъсир ўтказаётганини кўрсатади.
Ҳисоботда таъкидланишича, ноябрда мамлакат бўйлаб атиги 64 минг атрофида янги иш ўрни яратилган. Бу миқдор прогнозларга нисбатан яхшироқ бўлса-да, октябрь ойида қайд этилган 105 минг иш ўрнининг йўқолиши иқтисодий ўсиш суръатлари ҳануз пасайганини кўрсатиб турибди. Федерал ҳукуматдаги иш ташлашлар ва вақтинчалик тўхтатишлар туфайли октябр ойи учун аниқ ишсизлик кўрсаткичлари эълон қилинмаганди, аммо ноябр ойидаги рақамлар вазиятнинг янада ёмонлашганини исботламоқда.
Мутахассислар мамлакат иқтисодиёти “ишсизлик рецессияси” деб аталадиган босқичга кирганини айтмоқда. Navy Federal Credit Unionнинг бош иқтисодчиси Хизер Лонг таъкидлашича, охирги уч ой давомида янги иш ўринлари сезиларли тарзда қисқариб борган. Ҳозирда фақат соғлиқни сақлаш ва қурилиш каби айрим тармоқларда ўсиш сақланиб қолган, аммо иқтисодиётнинг қолган қисмларида пасайиш кузатилмоқда.
Ишсизликнинг ўсиши энг аввало аҳолининг заиф қатламлари ва ирқий озчиликларига жиддий таъсир кўрсатган. Хусусан, қора танли ишчилар орасида ишсизлик даражаси 8,3 фоизга кўтарилгани қайд этилган. Таҳлилчилар бу ҳолатга Дональд Трамп маъмурияти жорий этган тариф сиёсати, шунингдек федерал штатлар харажатларини қисқартириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар асосий омил бўлганини айтишмоқда.
Бундан ташқари, Трамп маъмурияти таркибидаги Давлат самарадорлиги департаменти (DOGE) томонидан федерал агентликлардаги ишчи ўринларини кескин қисқартириш ҳам вазиятга таъсир қилган. Маълумотларга қараганда, сентябрь ойи якунига қадар федерал секторда 162 мингта иш ўрни бекор қилинган.
Қизиғи шундаки, АҚШда ишсизлик кўтарилаётган бир пайтда, Россияда аксинча, ишсизлик даражаси тарихий минимумга етгани маълум қилинди. Россия Президенти Владимир Путин 28 октябрь куни ўтказилган иқтисодий йиғилишда бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.