
Яқин беш йил ичида Россиянинг Газпром компанияси Марказий Осиё давлатларига табиий газ етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ведомости» нашри Газпромбанк иқтисодий прогнозлаш маркази маълумотларига таяниб хабар қилди.
Манбаларга кўра, ҳозирда Европа бозорига мўлжалланган, аммо санкциялар сабаб эркин қолган газ ҳажмлари учун янги йўналишлар изланмоқда. Шу жараёнда Марказий Осиё асосий стратегик бозорлардан бири сифатида кўрилмоқда. Экспертлар эҳтимолий таъминот ҳажмини йиллик 19–20 миллиард куб метр атрофида баҳоламоқда.
Маълумотларга аниқлик киритилар экан, 2030 йилга бориб Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга «Газпром» экспорти ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан 2,1–2,2 баробарга ошиши мумкин. Бу ўсишда энг катта улуш айнан Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Тахминларга кўра, мамлакатга импорт ҳажми 3 миллиард куб метрдан 12 миллиард куб метргача кўтарилиши кутилмоқда.
Бунга асосий сабаб сифатида Ўзбекистонда ички газ қазиб олиш ҳажмларининг пасайиб бораётгани кўрсатилмоқда. Шу боис ташқи таъминотга бўлган эҳтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса Россия учун янги бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш имконини яратади.
Қозоғистондаги вазият эса ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда. Шунга қарамай, Остона Хитой томонидан билдирилаётган шубҳаларга қарамасдан, Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга етказиш лойиҳасини амалга оширишдан умидвор. Ушбу газ қувури мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларини газлаштириш имконини бериши ва йилига қўшимча 10 миллиард куб метр газ етказиб беришни таъминлаши мумкин.
Эслатиб ўтиш жоизки, халқаро санкциялар таъсирида «Газпром» компаниясининг Европа бозорига газ экспорти қарийб беш баробарга қисқарган. Шу билан бирга, ҳатто «Сила Сибири 2» газ қувури тўлиқ ишга туширилган тақдирда ҳам, компания барча ортиқча ҳажмларни Хитой бозорига йўналтириш имкониятига эга эмас.
Шу боис Марказий Осиё мамлакатлари «Газпром» учун нафақат яқин географик ҳудуд, балки келгуси йилларда асосий энергия ҳамкорларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бу жараён эса минтақадаги энергетик муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.