Покистон Эрон ва АҚШ ўртасида воситачиликка тайёрлигини билдирди

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон ва АҚШ ўртасида мазмунли ва амалий музокаралар ўтказиш учун Исломобод майдон тақдим этишга тайёрлигини билдирди. У мамлакат минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. 23-март куни Доналд Трамп Эрон билан музокаралар эҳтимоли ҳақида гапириб, энергетика обектларига ҳужумлар бўйича беш кунлик танаффус эълон қилган, бироқ Теҳрон Вашингтон билан алоқаларни инкор этган.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз ШарифИсломобод Яқин Шарқдаги вазият юзасидан мазмунли ва амалий музокараларни ташкил этиш учун майдон тақдим этишга тайёр эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мамлакат минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.
Бош вазир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Покистон урушни бартараф этишга қаратилган мулоқотларни давом эттириш бўйича саъй-ҳаракатларни олқишлашини билдирган. Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларини турли тахминлардан тийилишга чақириб, расмий маълумотларни кутишга ундаган.
Маълум қилинишича, 23 март куни АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар ўтказилиши мумкинлигини билдириб, энергетика объектларига ҳужумлар бўйича беш кунлик танаффус жорий этган. Унинг сўзларига кўра, махсус элчи Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Эрондаги муҳим шахс билан мулоқот ўтказган.
Бироқ Теҳрон расмийлари Вашингтон билан ҳар қандай алоқаларни инкор этган. Axios манбаларига кўра, Туркия, Миср ва Покистон сўнгги вақтларда воситачи сифатида иштирок этган. The Express Tribune нашри эса Исломобод АҚШ делегацияси қатнашиши мумкин бўлган музокаралар учун эҳтимолий манзил сифатида кўриб чиқилаётганини хабар қилди.































Изоҳлар 0
…