NASA Artemis-II экипажи Ой атрофида тарихий парвозга чиқади

NASA Artemis-II миссияси 1 апрель куни старт олиши эълон қилинди. Эртагаёқ Orion кемаси тўрт нафар астронавт билан Ойга йўл олади, уни айланиб, сўнг Ерга қайтади. Космик агентлик YouTube канали орқали мазкур тарихий саёҳатни жонли эфирда намойиш этишни режалаштирмоқда.
Парвоз Space Launch System гигант ракета-ташувчиси орқали амалга оширилади. Синоптиклар прогнозларига кўра қулай об-ҳаво эҳтимоли 80 фоизга етади, шунинг учун мутахассислар ҳам ҳаяжонли ва оптимистик кайфиятда. Парвознинг захира санаси 2 апрелга белгиланган.
Экипаж таркибига NASA астронавтлари Рид Уайзман, Виктор Гловер ва Кристина Кох ҳамда Канада космик агентлигидан Жереми Хансен кирди. Агар старт ўз вақтида амалга ошса, 6 апрель куни кема Ойга яқинлашади ва унинг орқа томонидан тахминан 6,6 минг километр масофани босиб ўтади. Улар 10 апрель куни Ерга қайтиши режалаштирилган.
Миссия 9 кун ва бир соат давом этади, умумий масофа эса тахминан 1,1 миллион километрни ташкил этади. Астронавтлар табиий йўлдош ёнидан учиб ўтиш пайтида унинг баъзи ҳудудларини яқиндан кўрган илк инсонлар бўлади. Куннинг катта қисмини улар фотосуратга олиш, видеога олиш ва кузатувларни қайд этишга бағишлайди.
Ушбу миссия 2028 йилда одамларни Ойга қўндириш учун тайёргарлик ва муҳим босқич ҳисобланади, шу боис у фан, технология ва инсон саёҳати учун янги тарихий марра бўлиб хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!