Қаршида 21 ёшли қиз операциядан 10 кун ўтиб вафот этди

Қашқадарё вилоятида гипофиз безидаги ўсмани олиб ташлаш учун операция қилинган 21 ёшли қиз вафот этди. У жарроҳлик амалиётидан 10 кун ўтиб ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари текширув олиб бормоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 2005 йилда туғилган Л.М. 14 октябрь куни гипофиз аденомаси ташхиси билан Қашқадарё вилоят кўп тармоқли шифохонасининг нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Қиз бир неча йилдан бери нафас олишда қийинчилик, бўй ўсишининг секинлашиши, қўл ва оёқ бармоқларининг йўғонлашиши каби аломатлардан азият чеккан. Тиббий текширувлар натижасида гипофиз безида катта ўсма борлиги аниқланган. Гормонал таҳлилларда эса ўсиш гормони миқдори меъёрдан анча юқори экани маълум бўлган.
16 октябрь куни Тошкентдан келган мутахассис иштирокида бурун орқали эндоскопик усулда ўсмани олиб ташлаш операцияси ўтказилган. Амалиётдан кейин бемор шифокорлар назоратида қолган.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар беришича, 19 октябрь куни ўтказилган текширувда асоратлар аниқланмаган. Бироқ 20 октябрь куни беморнинг аҳволи тўсатдан оғирлашган. Унда қон босими кўтарилиши, ҳушнинг бузилиши, нафас олиш ва юрак фаолияти билан боғлиқ муаммолар кузатилган.
Шифокорлар беморни сақлаб қолиш учун интенсив даволаш чораларини кўрган. Аммо барча муолажаларга қарамай, 26 октябрь куни 21 ёшли қиз вафот этган.
Айни пайтда прокуратура органлари томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилган.






























Изоҳлар 0
…