Очлик билан курашаётган Ямандаги эгизаклар

Очлик билан курашаётган Ямандаги эгизаклар

Ямандаги қуролли можаро туфайли уйини тарк этишга мажбур бўлган етти ҳафталик эгизаклар Рағад ва Раад ҳаёт учун курашмоқда. Уларнинг оиласи Ҳусийлар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар сабабли жануби-ғарбий Ямандаги қишлоғини ташлаб кетган.

BBC мухбири Орла Гериннинг хабар беришича, эгизаклар дунёга муддатидан олдин келган. Оила ўз қишлоғини тарк этгач, Адан шаҳрига етиб олиш учун уч кун пиёда йўл босган. Сафар давомида чақалоқларнинг аҳволи оғирлашган, қусиш ва ич кетиши кучайган.

Оила Адан шаҳридаги «Ал-Садақа» шифохонасига етиб келганида, шифокорлар эгизакларда оғир даражадаги ўткир озиқланиш етишмовчилигини аниқлаган. Уларнинг отаси Бажаш Али Сагир Ҳассан уруш туфайли болалар учун сут сотиб олиш қийинлашганини айтган. Нархлар ошгани сабабли баъзан чақалоқларга фақат сув беришга мажбур бўлган.

Шифохонада ҳам шароит оғир. Халқаро ёрдам маблағлари, тиббий ходимлар ва жиҳозлар етишмаслиги туфайли барча беморларни қабул қилиш имкони йўқ. Шифокорлар ва ҳамширалар эса оғир аҳволдаги болаларни сақлаб қолиш учун курашмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Ямандаги жанглар кучайиши ортидан юз минглаб одамлар уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган, айрим ҳудудларда эса аҳоли озиқ-овқат ёрдамини олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Нархларнинг ошиши ва гуманитар ёрдам етишмаслиги аҳолининг энг заиф қатламлари, айниқса, болалар аҳволини янада оғирлаштирмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар