Уч йиллик бедаракликдан сўнг эркак ўрмондан тирик топилди

Уч йиллик бедаракликдан сўнг эркак ўрмондан тирик топилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Индонезияда руҳий саломатлик муаммолари бўлган 49 ёшли Айи Солехудин қарийб уч йиллик бедарак йўқолишдан сўнг Салак тоғи ўрмонидан тирик топилди.
  • Уни тасодифан кўрган маҳаллий аҳоли қутқарувчиларга хабар берган, сўнгра бармоқ излари ва кўз тўр пардаси сканерлаш орқали унинг шахси тасдиқланган.
  • Ота-онаси вафотидан кейин руҳий ҳолати ёмонлашган Айи ўрмонда қанча вақт бўлгани, нима билан озиқлангани ва қандай тирик қолгани ҳозирча номаълум.

Индонезияда руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлган 49 ёшли эркак қарийб уч йиллик бедаракликдан сўнг тоғ ўрмонидан тирик топилди. У бир неча йил аввал уйидан чиқиб кетиб, Салак тоғи ўрмонларида ғойиб бўлган. Яқинда маҳаллий аҳоли уни тасодифан топиб, қутқарувчиларга хабар берди.

Индонезия оммавий ахборот воситалари ўтган ҳафта Сукабуми ҳудудидаги Салак тоғи ўрмонларида эркакнинг қутқарилгани ҳақида хабар тарқатди. Маълум бўлишича, кучли ёмғирдан кейин бир гуруҳ маҳаллий аҳоли яқин атрофдаги дарё оқимини текшириш учун йўлга чиққан. Шу пайт улар мох босган қоя устида ўтирган, атрофда нима бўлаётганини англашга қийналаётган эркакни кўриб қолишган.

Уни кўрган одамлар эркакнинг аҳволи оғир эканини дарҳол пайқашган. У гапиришга қийналар, жисмонан жуда ҳолсизланган ва мустақил юришга деярли қодир эмасди. Шунингдек, бошқа одамларни кўрганида қаттиқ чўчиб кетган.

Қутқарувчилар уни замбилда ўрмондан олиб чиқишган. Шундан сўнг эркакнинг шахсини аниқлаш учун туман маъмурияти идорасига олиб борилган. Унинг кимлигини текширишда бармоқ излари ва кўз тўр пардасини сканерлаш усулларидан фойдаланилган.

Оиласи уни уч йилдан бери қидираётган эди

Қутқарилган эркак 49 ёшли Айи Солехудин экани аниқланди. У Индонезиянинг Цианжур ҳудудида яшаган ва қарийб уч йил аввал оиласи томонидан бедарак йўқолган деб эълон қилинган эди.

Кейинчалик унинг шахси оила аъзолари томонидан ҳам тасдиқланди. Яқинларининг айтишича, Айи руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолардан азият чеккан. У бир куни уйидан чиқиб, Салак тоғи ўрмонлари томон кетган ва шундан кейин қайтиб келмаган.

Оила аъзолари уни топиш мақсадида қишлоқ атрофидаги ўрмонларни қайта-қайта қидиришган. Аммо барча уринишларга қарамай, эркакдан дарак топишолмаган.

Katak-katak ko'ylak kiygan yoshi katta kishi toshlar oldida ovqat yemoqda.

Маълумотларга кўра, Айининг қаердалиги ҳақида турли ҳудудлардан бир неча марта хабар келган. Бироқ оиласи унинг олдига етиб боргунига қадар у яна ўрмонга кириб, ғойиб бўлган. Шу сабабли уни топиш ишлари узоқ вақт давомида натижасиз қолган.

Ўрмонда қандай қилиб тирик қолгани номаълум

Айи Солехудин Салак тоғида қанча вақт яшаганини аниқ айтиш қийин. Бироқ уни қутқариш пайтидаги жисмоний аҳволи у узоқ вақт давомида оғир шароитда бўлганини кўрсатган.

Эркак жуда озиб кетган, кучсизланган ва организмида сув етишмовчилиги кузатилган. Унинг ҳолатига қараб, узоқ вақт давомида етарли озиқ-овқат ва сувсиз қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Айининг ака-ука ва опа-сингиллари журналистларга унинг руҳий ҳолати ота-онаси вафот этганидан кейин ёмонлаша бошлаганини айтишган. Шунингдек, у кўпинча ёлғиз ҳолда ўрмонга кириб кетиш одатига эга бўлган.

Бироқ бу сафар у уйига қайтмаган. Қарийб уч йил давомида қаерда бўлгани, нима билан озиқлангани ва оғир шароитда қандай тирик қолгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Эркакнинг тирик топилиши унинг оиласи учун катта воқеа бўлди. Энди унинг соғлиғини тиклаш ва узоқ давом этган бедараклик даврида нималарни бошдан кечирганини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар