6 ёшли бола дам олиш кунларини тоғ тозалашга бағишлади

Хитойда ота ва унинг 6 ёшли ўғлининг эзгу ташаббуси ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчиларнинг эътиборини қозонди. Улар ҳар дам олиш кунлари сайёҳлар ташлаб кетган пластик чиқиндиларни йиғиш учун тоғларга йўл олади.
Маълум бўлишича, бу одат дастлаб боланинг телефондан ортиқча фойдаланишини камайтириш мақсадида бошланган. Бироқ вақт ўтиши билан оддий машғулот табиатни асраш, меҳнатсеварлик ва экологик масъулиятни фарзандга амалда сингдирадиган оилавий анъанага айланган.
Ота ва ўғил ҳар сафар тоғ йўллари бўйлаб сайр қилиб, йўлаклар ва дам олиш масканларида қолдирилган пластик идиш ҳамда бошқа чиқиндиларни йиғиб чиқади. Сўнгги саёҳатларидан бирида улар қарийб тўрт соат давомида 166 та бўш пластик идишни тўплашга муваффақ бўлган.
Йиғилган чиқиндилар эса сотиб юборилмаган. Аксинча, улар пластик чиқиндиларни йиғиш билан шуғулланадиган тозалик ходимларига бепул топширилган. Ушбу ташаббус интернет фойдаланувчилари томонидан илиқ кутиб олиниб, кўпчилик ота-оналар учун фарзанд тарбиясида ибрат бўладиган намуна сифатида эътироф этилмоқда.






























Изоҳлар 0
…