Родри учун кураш: PSJ Манчестер Сити юлдузини Реал Мадрид қўлидан тортиб олмоқчи

Европа футболида трансфер бозори қизғин паллага кирмоқда. Парижнинг PSJ клуби кутилмаганда Манчестер Сити ярим ҳимоячиси Родри учун курашга қўшилди. RMC Sport нашри тарқатган маълумотларга кўра, Франция чемпионлари испаниялик футболчининг трансфер шартларини билиш мақсадида аллақачон Англия клуби билан алоқага чиққан. Бу қадам трансфер бозоридаги мувозанатни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Аслида, PSJ раҳбарияти ушбу трансфер ойнасида марказий ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришни устувор вазифа сифатида кўрмаётган эди. Бироқ Родри каби юқори савиядаги ўйинчини қўлга киритиш имконияти пайдо бўлиши парижликларни ўз режаларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Футболчининг Манчестер Сити билан амалдаги шартномаси якунланишига бор-йўғи 12 ой қолгани трансфер эҳтимолини янада оширмоқда.
Реал Мадрид ва PSJ ўртасидаги рақобат
Шу вақтга қадар Родри учун асосий даъвогар сифатида Реал Мадрид кўрилаётган эди. Испания матбуотида тарқалган хабарларга кўра, "қироллик клуби" футболчи билан оғзаки келишувга ҳам эришган, аммо клуб раҳбарияти бу маълумотни расман рад этган. Реал Мадрид Родри тиmsолида ўзининг фахрий ярим ҳимоячиларига муносиб ворисни кўрмоқда, бироқ молиявий қоидалар туфайли трансферни амалга ошириш учун бир нечта ўйинчисини сотишига тўғри келади.PSJ эса вазиятдан фойдаланиб, Мадрид клубини трансфер пойгасида ортда қолдиришни мақсад қилган. Парижликлар Манчестер Сити билан тўғридан-тўғри мулоқотни бошлаб, трансфер суммаси ва молиявий талабларни аниқлаштирмоқда. Бу ҳаракат шунчаки қизиқиш эмас, балки аниқ стратегик қадам эканлиги айтилмоқда.
Барселона ҳам вазиятни кузатмоқда
Родри атрофидаги можароларга Каталониянинг Барселона клуби ҳам қўшилди. Френки де Йонгнинг узоқ муддатли жароҳати сабабли, "кўк-анорранглилар" майдон марказида катта бўшлиққа дуч келишди. Клуб Родри вакиллари билан боғланган бўлса-да, уларнинг молиявий имкониятлари PSJ ёки Реал Мадрид билан рақобатлашиш учун етарли эмаслиги айтилмоқда.Goal.com нашри хабарига кўра, PSJнинг ушбу трансферга аралашиши Реал Мадрид учун кутилмаган зарба бўлди. Агар парижликлар ўз мақсадига эришса, бу нафақат Манчестер Сити учун катта йўқотиш, балки Европа футболидаги кучлар нисбатини ўзгартирувчи ҳодиса бўлади. Ҳозирда Родри жаҳоннинг энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан бири ҳисобланади ва унинг танлови келгуси мавсумлардаги чемпионлик пойгаларига бевосита таъсир кўрсатади.






























Изоҳлар 0
…