Японияда бир айиқ сабаб 94 та мактаб ёпилди

Япониянинг Уцуномия шаҳрида кутилмаган ҳолат юз берди. Шаҳар ҳудудида айиқ пайдо бўлиши ортидан маҳаллий ҳокимият хавфсизлик чораларини кучайтириб, 94 та бошланғич ва ўрта мактаб фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Маълум қилинишича, ўртача катталикдаги қора айиқ илк бор шаҳардаги боғлардан бири яқинида кўринган. Орадан бир кун ўтиб эса ёввойи ҳайвон шаҳар марказида яна пайдо бўлиб, кузатув камераларига муҳрланган. Видеоларда айиқ кўчада ҳаракатланаётган икки йигит олдидан югуриб ўтганини кўриш мумкин.
Кейинги соатларда ҳайвон тураржой массивлари яқинида ҳам бир неча бор кузатилган. Сўнгги маълумотларга кўра, айиқ шаҳар марказидан бир неча километр узоқликдаги саноат ҳудудида ҳам қайд этилган.
Вазият жиддий тус олгани сабабли полиция ва маҳаллий овчилардан иборат махсус гуруҳ айиқни излаш ишларини бошлади. Ҳокимият аҳолидан эҳтиёткор бўлишни, эшик ва деразаларни маҳкам ёпиб юришни ҳамда ҳайвонга дуч келганда унга яқинлашмасликни сўрамоқда. Шунингдек, шаҳар кўчаларида огоҳлантирувчи махсус автомобиллар ҳаракатлантирилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, Японияда сўнгги йилларда айиқларнинг аҳоли яшайдиган ҳудудларга чиқиб келиши ҳолатлари кескин кўпайган. Бу йилнинг ўзида мамлакат бўйлаб ўн минглаб шундай ҳолатлар қайд этилган.
Олимлар бу ҳолатни ўрмонларда табиий озуқа манбалари камайиб бораётгани, айниқса айиқлар учун муҳим ҳисобланган эман ёнғоқлари танқислиги ҳамда қишлоқ ҳудудларида аҳоли сонининг қисқариши билан изоҳламоқда. Натижада ёввойи ҳайвонлар инсонлар яшайдиган ҳудудларга тобора яқинлашмоқда.






























Изоҳлар 0
…