Қозоғистонда дўкон ходимасидан русча гапиришни талаб қилган аёл жаримага тортилди

Олмаота шаҳридаги Смалл супермаркетида дўкон ходимасидан рус тилида гапиришни талаб қилган россиялик фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Кассалардаги узун навбатдан норози бўлган харидорга ходиманинг қозоқ тилида жавоб бериши можаро келтириб чиқарди. Россиялик аёл ходимадан рус тилида гапиришни талаб қилиб, вазиятни мобил телефон камерасига тасвирга олган ва бу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги супермаркетлардан бирида юз берган тил билан боғлиқ можаро ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Дўкон ходимасидан рус тилида жавоб беришни талаб қилган россиялик фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маълум қилинишича, воқеа Small супермаркетида содир бўлган. Харидор аёл кассалардаги узун навбатдан норози бўлиб, маъмуриятдан изоҳ сўраган. Дўкон ходимаси эса тез орада қўшимча касса ишга туширилишини қозоқ тилида тушунтирган.
Бироқ мазкур жавоб россиялик аёлни қониқтирмаган. У ходимадан рус тилида гапиришни талаб қилиб, вазиятни мобил телефон камерасига тасвирга олган. Шунга қарамай, супермаркет ходимаси вазминликни сақлаган ҳолда мулоқотни давлат тилида давом эттирган.
Кейинчалик ушбу видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчилик эътиборини тортди. Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиб чиқилди.
Суд қарорига кўра, Галина Лисс исмли россиялик аёлга жамоат жойида можаро келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлари учун 86,5 минг тенге миқдорида маъмурий жарима тайинланган.






























Изоҳлар 0
…