Инсон қолдиқларини тўплаб овқат тайёрлаб еган эркак ушланди

Венгрияда жамоатчиликни ларзага солган ҳолат юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Мамлакат пойтахти Будапешт шаҳрида инсон қолдиқларини тўплаб юрганликда гумон қилинган 30 ёшли эркак қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, у шифохонада санитария ходими сифатида фаолият юритган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга унинг иш жойи ва яшаш манзилида инсон тана қисмларини сақлаётгани ҳақида хабар келиб тушганидан сўнг тезкор текширув бошланган.
Терговчилар гумонланувчининг хонадонини кўздан кечирганида даҳшатли манзарага дуч келган. Тинтув давомида бош суяклари, қўл ва оёқ суяклари, шунингдек инсон юзи терисидан тайёрланган реконструкция намунаси аниқланган. Айрим суяклар чамадон ичида сақланган бўлса, банкалардан бирида юракка ўхшаш аъзо ҳам топилган.
Мутахассислар мазкур аъзо инсонга ёки ҳайвонга тегишли эканини аниқлаш учун экспертиза тайинлаган.
Сўроқ жараёнида эркак инсон тана қисмларини йиғиб келганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, бундай анатомик материалларга қизиқиши юқори бўлган. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи айрим ҳолатларда ушбу қолдиқлардан овқат тайёрлаб истеъмол қилганини ҳам тан олган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари фикрича, у инсон қолдиқларини иш жойидан ҳамда Венгрия ва Словакия ҳудудидаги қаровсиз қабристонлардан қазиб олиш орқали қўлга киритган бўлиши мумкин.
Тергов доирасида унинг компьютер техникаси, мобил қурилмалари, маълумот сақлаш воситалари ва бошқа электрон жиҳозлари мусодара қилинган. Айни вақтда топилган барча инсон қолдиқлари суд-тиббий экспертизадан ўтказилмоқда.






























Изоҳлар 0
…