Дунёдаги энг ёлғиз меҳмонхона: унга бориш учун лицензия керак

Атлантика океани ўртасида, Флорида ва Куба орасида жойлашган ўзига хос меҳмонхона сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Испаниялик 23 ёшли тревел-блогер Рубен Ҳольгадо ушбу ноодатий жойдаги таассуротлари билан бўлишиб, уни “дунёдаги энг ёлғиз меҳмонхона” деб атади.
Барселоналик блогер май ойида YouTube саҳифасида мазкур саёҳат ҳақида батафсил видеони эълон қилди. Видео қисқа вақт ичида қарийб 900 минг марта томоша қилинди. Кейинчалик у Instagram орқали ҳам қисқартирилган видеони жойлаштирди ва у ерда ҳам минглаб лайклар йиғди.
Меҳмонхонага фақат қайиқ орқали етиб бориш мумкин. У Ки-Уэст соҳилидан тахминан бир соатлик масофада жойлашган. Энг қизиқ жиҳати шундаки, ушбу меҳмонхона расман кема сифатида рўйхатдан ўтган. Шу боис меҳмон у ерда яшаши учун қайиқ бошқариш лицензиясига эга бўлиши талаб қилинади.

Бундай ноодатий дам олиш ҳам арзон эмас. Беш кечалик яшаш нархи 3458 АҚШ долларини ташкил қилади.
Рубен Ҳольгадонинг айтишича, меҳмонхона эгаси — “Капитан Крис” сафардан олдин унга керакли озиқ-овқат ва бошқа жиҳозлар рўйхатини юборган. Шунингдек, у атрофда акулалар кўп учрашини, зарур ҳолларда қутқарувчилар ёрдамига муҳтож бўлиш мумкинлигини ҳам огоҳлантирган.
Сайёҳнинг сўзларига кўра, сафар давомида тропик бўрон ҳам бошланган. Бир муддат у океан ўртасида ёлғиз қолиш тўғри қарор бўлганми, деган ўйга борган. Бироқ бўрон ҳеч қандай жиддий оқибатларсиз ўтиб кетган.

Airbnb платформасида “Tiki Suites” номи билан жойлаштирилган ушбу уйча энг яхши 10 фоиз объектлар қаторига киритилган. Унда кондиционер, махсус ёғоч каравот, яширин телевизор каби қулайликлар мавжуд. Атрофда эса дельфинлар, ламантинлар, скатлар ва турли тропик балиқларни кузатиш мумкин.
Блогернинг айтишича, меҳмонхонада DVD фильмлар тўплами ҳам бор. Улар орасида “The Shawshank Redemption”, “Django Unchained”, “The Aviator” ва “The Notebook” каби фильмлар мавжуд. Аммо океан ўртасида бўлгани учун у рамзий маънода Жеймс Кэмероннинг машҳур “Titanic” фильмини томоша қилишни танлаган.

Саёҳат давомида Рубен Ҳольгадо сув остида чўккан кемаларни томоша қилиш учун снорклинг билан шуғулланган, паддлбордда сайр қилган ҳамда кечки овқати учун балиқ ҳам тутган. Унинг таъкидлашича, бу сафар ҳаётидаги энг ноодатий ва эсда қоларли саргузаштлардан бири бўлган.






























Изоҳлар 0
…