Фарзанди учун жонини берган онанинг ҳикояси кўпчиликни йиғлатди

Венесуэлада юз берган кучли зилзилалар вақтида қизининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзини қурбон қилган она ҳақидаги воқеа бутун мамлакатни ларзага солди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ҳамда футболчи Ҳектор Белло маълум қилди.
Футболчи ижтимоий тармоқда ёзган таъсирли мурожаатида, маҳаллий нашрлар унинг турмуш ўртоғи сифатида тилга олган Андреа икки кучли зилзила пайтида кичик қизини қутқариш учун ўз жонини фидо қилганини маълум қилди.
«Азизим, қизимизга сен уни қандай қутқарганингни, ўз ҳаётингни унинг ҳаёти учун қурбон қилганингни албатта айтиб бераман. Сен охирги нафасинггача уни ташлаб кетмаган жасур она эдинг», — деб ёзди Ҳектор Белло.

Айни пайтда қутқарувчилар вайроналар остида тирик қолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Каракас яқинида содир бўлган икки кучли зилзила оқибатида камида 589 киши ҳалок бўлган, 2 980 нафар инсон жароҳат олган. Йўқолганлар сони ҳамон кўплигича қолмоқда.
Белло кейинги мурожаатида қизи ва унинг аммаси шифохонада даволанаётганини, уларнинг аҳволи яхши эканини билдирди.
«Қизим ва аммаси яхши. Улар бугун шифохонадан чиқарилмайди. Шу оғир кунларда мени қўллаб-қувватлаётган барчага раҳмат», — деб ёзди у.
Футболчи яна бир мурожаатида қалбларни эзган сўзларни қолдирди.
«Қизимизга сен унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонингни берганингни қандай тушунтираман? Ўша пайтда уни ҳимоя қилиш учун ёнида бўлмаганимни қандай изоҳлайман? Менга куч бер», — деди у.

Маҳаллий футбол матбуоти ҳам Андреанинг вафотини тасдиқлаб, улар яшаган бино қулаши оқибатида она ҳалок бўлгани, бироқ кичик қизи омон қолганини маълум қилди.
Фожиа оқибатида бошқа давлатлар фуқаролари ҳам ҳалок бўлган. Хусусан, тўрт нафар Испания, бир нафар Португалия ва икки нафар Бразилия фуқаросининг вафот этгани тасдиқланган. Испания маълумотига кўра, яна 106 нафар фуқаро бедарак деб ҳисобланмоқда.
Қидирув-қутқарув ишлари эса ҳануз давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…