Викинглар сўзи АҚШ мустақиллик декларациясига қандай кириб қолди?

2 дақиқа ўқиш872
Викинглар сўзи АҚШ мустақиллик декларациясига қандай кириб қолди?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • АҚШ Мустақиллик декларациясидаги айрим сўзларнинг келиб чиқиши Рим ёки Европа сивилизацияси билан бир қаторда викинглар даврига ҳам бориб тақалади.
  • Ҳужжатни тайёрлаган Томас Жефферсон уни 1776 йил 4 июл куни қабул қилинган пайтда иложи борича содда ва тушунарли қилишга ҳаракат қилган.
  • Хусусан, декларациядаги «ҳаппинесс» сўзи қадимги скандинав тилидаги «ҳапп» атамасидан келиб чиққан бўлиб, уни Британияга ВИИИ–ИХ асрларда викинглар олиб кирган.

Мустақиллик декларациясидаги машҳур иборалар асрлар давомида шаклланган тил ва маданият тарихини ўзида мужассам этган. Мутахассислар таъкидлашича, ҳужжатдаги айрим сўзларнинг келиб чиқиши нафақат Рим ёки Европа цивилизацияси, балки викинглар даврига ҳам бориб тақалади. Бу ҳақда BBC хабар берди. 1776 йил 4 июль куни қабул қилинган

АҚШ Мустақиллик декларацияси нафақат янги давлатнинг ташкил топишини эълон қилди, балки инсоният тарихидаги энг машҳур сиёсий ҳужжатлардан бирига айланди. Айниқса, ундаги «Барча инсонлар тенг яратилган», «Ҳаёт», «Эркинлик» ва «Бахтга интилиш ҳуқуқи» каби иборалар бугунги кунгача ҳуқуқшунослар, тарихчилар ва тилшунослар ўртасида баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, декларация матнини тайёрлаган Томас Жефферсон ҳужжатни имкони борича содда, тушунарли ва барча мустамлакалар томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган услубда ёзишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, у ушбу матн Америка халқининг руҳи ва дунёқарашини ҳам акс эттиришини истаган. Мутахассислар эътиборини тортган энг қизиқ жиҳатлардан бири ҳужжатдаги «happiness» («бахт») сўзининг тарихи бўлди.

Ирландиядаги Корк университети профессори Том Биркетнинг айтишича, мазкур сўз қадимги скандинав тилидаги «happ» атамасидан келиб чиққан бўлиб, у дастлаб «омад», «бахтли тақдир» ёки «яхши насиба» маъносини англатган. Бу атамани Британияга VIII–IX асрларда келган викинглар олиб кирган. Илк даврларда «happy» сўзи инсоннинг омадли ёки тақдир томонидан қўллаб-қувватланганини англатган бўлса, вақт ўтиши билан унинг маъноси ўзгариб, қувонч, мамнунлик ва фаровон ҳаёт тушунчалари билан боғлана бошлади.

XVII–XVIII асрларда Европада Маърифатпарварлик даври бошлангач, инсон тақдири фақат омадга эмас, балки унинг ўз иродаси ва ҳаракатига ҳам боғлиқ деган ғоя кенг тарқалди. Шу тариқа «бахт» тушунчаси янги мазмун касб этди ва Томас Жефферсон уни инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири сифатида декларацияга киритди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳужжатда айнан «бахтга эришиш» эмас, балки «бахтга интилиш ҳуқуқи» қайд этилгани ҳам бежиз эмас. Бу инсон ҳар доим ўз ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга эканини англатади. Шунингдек, декларациядаги «liberty» («эркинлик») сўзи ҳам узоқ тарихга эга. У лотинча «libertas» атамасидан келиб чиққан бўлиб, қадимги Римда қулликдан озод қилинган инсон мақомини англатган. Кейинчалик бу сўз француз тили орқали инглиз тилига ўтиб, бугунги маънодаги «эркинлик» тушунчасига айланган.

Кембриж университети профессори Филиппа Стилнинг таъкидлашича, «эркинлик» ғояси турли цивилизацияларда минг йиллар давомида шаклланган бўлиб, декларация ана шу тарихий мероснинг давоми ҳисобланади. Бироқ у ҳужжат қабул қилинган даврда ҳам барча инсонларга бирдек татбиқ этилмаган. Чунки АҚШ асосчиларининг айримлари қулларга эгалик қилган ва ҳуқуқларни амалда ҳамма учун таъминламаган. Тадқиқотчилар яна бир қизиқ жиҳатга эътибор қаратган. Декларациядаги «government» («ҳукумат») атамаси ҳам қадимги юнон тилидаги «kybernao» – «кемани бошқариш» маъносини англатувчи сўздан келиб чиққан. Кейинчалик у лотин ва француз тиллари орқали инглиз тилига кириб келган. Бугунги кунда эса айнан шу илдиздан «cyber» каби атамалар ҳам пайдо бўлган.

Мутахассислар фикрича, декларация нафақат мустақиллик ҳақидаги сиёсий баёнот, балки минг йиллар давомида шаклланган тил, маданият ва фалсафий қарашларни ўзида жамлаган ноёб ҳужжатдир. Ундаги ҳар бир машҳур ибора ортида қадимги Рим, герман қабилалари, викинглар ва Маърифатпарварлик даври мутафаккирларининг ғоялари мужассам. Тарихчиларнинг таъкидлашича, айнан шу жиҳатлар АҚШ Мустақиллик декларациясини икки ярим аср ўтганига қарамай ҳали ҳам муҳокамалар марказида сақлаб келмоқда. Бу ҳужжат нафақат Америка давлатчилигининг рамзи, балки тил, ҳуқуқ ва сиёсий тафаккур тарихини ўрганишда ҳам энг муҳим манбалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?