Марказий Осиёда сунъий ёмғир технологияси синовдан ўтказилмоқда

Қозоғистон 2026 йил май ойида сунъий ёғингарчилик технологиясини амалиётга жорий этган Марказий Осиёдаги илк давлат бўлди. Туркистон вилоятида 17 майдан бошланган пилот лойиҳа 911 минг гектардан ортиқ экин майдонларини қурғоқчиликдан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унда Қозоғистон мутахассислари БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорлик қилмоқда.
Марказий Осиёда сув танқислиги ва қурғоқчиликка қарши янги технологиялар синовдан ўтказилмоқда. Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида булутларга сунъий таъсир кўрсатиб, ёғингарчиликни кўпайтиришга қаратилган пилот лойиҳа амалга оширилмоқда.
Қозоғистон 2026 йил май ойида ушбу технологияни амалиётга жорий этган Марказий Осиёдаги илк давлат бўлди. Лойиҳа 17 майдан бошланган бўлиб, 911 минг гектардан ортиқ экин майдонларини қурғоқчилик таъсиридан ҳимоя қилиш ва сув таъминотини яхшилашга қаратилган.
Лойиҳада Қозоғистон мутахассислари БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорлик қилмоқда. Самолётлар ёрдамида мос келадиган ёмғир булутларига туз асосидаги махсус реагентлар сепилади. Бироқ технология исталган пайтда ёмғир ёғдиришга имкон бермайди — бунинг учун аввало табиий равишда шаклланган ва ёғин беришга мос булутлар бўлиши керак.
Дастлаб лойиҳа доирасида 11 та парвоз амалга оширилган, кейинги маълумотларда эса уларнинг сони 14 тага етгани қайд этилган. Натижалар метеорологик кузатувлар ва сунъий йўлдош маълумотлари асосида баҳоланмоқда.
Қозоғистон технология кутилган натижани берса, йилига 35 миллиард тенге ёки қарийб 74 миллион доллар иқтисодий самара олишни кутмоқда. Бунда қишлоқ хўжалигидаги йўқотишларни камайтириш ва сув таъминотини яхшилаш асосий мақсадлардан ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳам сунъий ёғингарчилик технологиясини жорий этиш бўйича пилот лойиҳа тайёрланмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларда ёғингарчиликни табиий кўрсаткичга нисбатан 10–20 фоизгача ошириш имконияти ўрганилмоқда.
Мамлакатдаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтида булут физикаси ва атмосферага фаол таъсир кўрсатиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, булутларни сунъий уруғлантириш қурғоқчиликка қарши курашда ёрдамчи восита бўлиши мумкин, бироқ унинг самарадорлиги об-ҳаво ва булутларнинг хусусиятларига бевосита боғлиқ. Шу сабабли технологиянинг узоқ муддатли натижаларини илмий жиҳатдан баҳолаш муҳим.






























Изоҳлар 0
…