Келинлик либосида қамоқхонага борган аёлнинг никоҳи нега қолдирилди?

Қирғизистонда ижтимоий тармоқларда тарқалган видео фойдаланувчилар эътиборини тортди. Унда 28 ёшли аёл келинлик либосида Чўй вилоятининг Молдавановка қишлоғида жойлашган 27-сонли колонияга келгани акс этган. Мазкур колония расман Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизмати тасарруфидаги муассаса сифатида қайд этилган.
Тарқалган маълумотларга кўра, аёл шу муассасада жазо ўтаётган севгилиси билан никоҳдан ўтиш учун келган. Жуфтлик аввал бирга яшагани ва фарзанди борлиги ҳам айтилмоқда. Никоҳ маросимини тўғридан-тўғри колония ҳудудида ўтказиш режалаштирилган, бироқ ФҲДЁ ходимлари белгиланган вақтда етиб келмагани сабабли маросим амалга ошмаган.
Қизиғи, Қирғизистон қонунчилиги маҳбус билан никоҳни пенитенциар муассасанинг ўзида расмийлаштириш имконини беради. Бунда никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш муассаса раҳбари билан келишилган ҳолда белгиланган жойда амалга оширилади.
Видео ижтимоий тармоқларда турли муносабатларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар аёлнинг қарори ва севган инсонни қўллаб-қувватлашини жасорат сифатида баҳолаган. Бошқалар эса бундай қарорга танқидий муносабат билдириб, уни нотўғри танлов деб ҳисоблаган.
Сиз бу вазиятга қандай қарайсиз? Аёлнинг қарори — муҳаббат ва садоқат намунасими ёки нотўғри танловми? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.






























Изоҳлар 0
…