Хитойда илк марта беморнинг узилган оёқлари қайта уланди

Хитойлик жарроҳлар сон қисмидан тўлиқ узилиб кетган 51 ёшли эркакнинг икки оёғини бир вақтнинг ўзида муваффақиятли қайта улади. 2024 йил охирида заводдаги бахциз ҳодисада оёқларидан айрилган беморга Жуйхуа ортопедия шифохонасида қарийб саккиз соатлик мураккаб операция ўтказилган. Шифокорлар бу ҳолатни сон қисмидан тўлиқ узилган иккала оёқни бир вақтнинг ўзида қайта улаш бўйича биринчи муваффақиятли амалиёт деб баҳоламоқда.
Хитойда жарроҳлар бахтсиз ҳодиса оқибатида узилиб кетган беморнинг икки оёғини муваффақиятли қайта улади. Бу ҳақда China Press хабар берди.
51 ёшли эркак 2024 йил охирида заводда ишлаётган вақтида оғир бахтсиз ҳодисага учраб, икки оёғидан айрилган. Ҳодиса оқибатида унинг оёқлари сон қисмидан тўлиқ узилиб кетган.
Беморга мураккаб операцияни Хитойнинг шарқий қисмида жойлашган Жуйхуа ортопедия шифохонаси жарроҳлари ўтказган. Қарийб саккиз соат давом этган жарроҳлик амалиёти давомида мутахассислар узилиб кетган ҳар икки оёқни қайта улашга муваффақ бўлган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, мазкур ҳолат сон қисмидан тўлиқ узилиб кетган иккала оёқни бир вақтнинг ўзида қайта улаш бўйича биринчи муваффақиятли операция сифатида қайд этилмоқда. Бу эса травматология ва реконструктив жарроҳлик соҳасида муҳим ютуқлардан бири ҳисобланади.
Травматология бўлими мудири Ли Чангсуннинг айтишича, беморнинг аҳволи ҳозир анча яхшиланган. У уй шароитида юриш мосламаси ёрдамида мустақил ҳаракатлана оляпти. Шунингдек, оёқларнинг тўпиқдан юқори қисмидаги сезувчанлик ҳам қайта тикланган.
Мутахассислар беморнинг тикланиш жараёни давом этаётганини таъкидламоқда. Шифокорлар унинг бир-икки йил ичида юриш мосламаси ва қўлтиқтаёқларсиз мустақил равишда ҳаракатлана олишини тахмин қилмоқда. Айни пайтда бемор реабилитация курсларини давом эттиряпти.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Хитойда яна бир ноодатий тиббий воқеа содир бўлган эди. Мамлакатда дунёда илк бор мия ўлими қайд этилган беморга чўчқа жигари ва буйраклари кўчириб ўтказилган.
Трансплантация қилинган мазкур аъзолар бемор организмида беш кун давомида меъёрда ишлаган. Бироқ бемор оиласининг илтимосига кўра, тадқиқот ўша вақтда якунланган эди.
Хитойлик мутахассисларнинг сўнгги муваффақияти эса оғир жароҳатлардан кейин инсон аъзоларини қайта тиклаш имкониятларини ўрганишда муҳим қадам бўлди.






























Изоҳлар 0
…