Россияга ҳужум қилган дронлар Қозоғистондан учирилдими?

Россияга ҳужум қилган дронлар Қозоғистондан учирилдими?

Россиянинг Омск вилоятига дронлар ҳужуми ортидан улар Қозоғистон ҳудудидан учирилгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бироқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу даъволарни қатъий рад этиб, уларни ҳеч қандай далил билан тасдиқланмаган асоссиз иддаолар деб атади.

Маълум бўлишича, Омск вилоятига қилинган ҳужумдан кейин айрим Россия оммавий ахборот воситалари ва экспертлари дронлар Қозоғистон ҳудудидан парвоз қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бундай мулоҳазалар асосан Омск вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош эканига таянган ҳолда билдирилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ушбу маълумотларга муносабат билдириб, тарқатилаётган иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва ҳеч қандай ишончли далиллар билан исботланмаганини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида таъкидланишича, бундай хабарлар Қозоғистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда анъанавий дўстона муносабатларга путур етказишга қаратилган асоссиз уриниш сифатида баҳоланмоқда.

Расмий Остона мамлакат ташқи сиёсати яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойиллари асосида юритилишини яна бир бор эслатди. Шунингдек, Қозоғистон халқаро ҳуқуқ нормалари ва хавфсизликка оид халқаро мажбуриятларга қатъий амал қилиши қайд этилди.

Баёнотда, шунингдек, Қозоғистон ўз ҳудуди, ҳаво макони ёки инфратузилмасидан бошқа давлатларга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш учун фойдаланилишига йўл қўймаслиги алоҳида урғуланди.

Якунда Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларини фақат расман тасдиқланган маълумотларга таянишга ҳамда текширилмаган ахборотларни тарқатмасликка чақирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар