Археологлар рим императори саройи остида кутилмаган хонани топди

Археологлар рим императори саройи остида кутилмаган хонани топди

Италиянинг Тиволи шаҳрида жойлашган машҳур Адриан вилласи ҳудудида археологлар яна бир муҳим кашфиётга эришди. Қазишмалар давомида Римнинг афсонавий императорларидан бирига тегишли сарой остида яширин ерости иншооти аниқланди. Мутахассислар фикрича, ушбу топилма мажмуа ҳудудида ҳозиргача маълум бўлган энг қадимий иншоот бўлиши мумкин. Бу ҳақда Испаниянинг Севилья шаҳридаги Пабло де Олавиде университети (UPO) маълум қилди.

Маълум бўлишича, мазкур улкан сарой милодий 117–138 йилларда Рим империясини бошқарган машҳур император Адрианнинг қароргоҳи бўлган. Адриан Британия шимолида қурдирган машҳур Адриан девори ҳамда Рим империяси бўйлаб амалга оширган сафарлари билан тарихда алоҳида ўрин эгаллаган. Бугунги кунда унинг вилласи ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, ҳар йили минглаб сайёҳлар ва олимларни ўзига жалб этади.

Археологлар аниқлаган ерости иншооти эса Адриан давридан ҳам анча олдин — милоддан аввалги 509–27 йилларни ўз ичига олган Рим Республикаси даврига мансуб экани тахмин қилинмоқда. Демак, ушбу қурилма император саройи барпо этилишидан бир неча аср аввал мавжуд бўлган.

Qadimgi binoning gurisht va mozaika bilan bezatilgan pol hamda devorlari.

Мутахассисларнинг фикрича, ерости хоналари аввал омборхона ёки дон сақланадиган силос сифатида хизмат қилган бўлиши мумкин. Кейинчалик бинодан фойдаланиш тўхтатилган ва унинг ичи қадимий қурилиш қолдиқлари ҳамда керамика буюмлари билан қисман тўлдирилган.

Лойиҳа раҳбари, археолог Рафаэль Идальгонинг таъкидлашича, иншоотнинг тупроқ билан тўлиқ кўмилмагани олимлар учун кутилмаган ҳолат бўлган. Қазиш ишлари давомида эса янада қизиқарли топилмалар юзага чиққан.

Ерости хоналаридан кўплаб керамика парчалари, шунингдек, яқин атрофдаги бинолар томини безаган меъморий терракота безаклари топилган. Айрим безакларда ит боши, бошқаларида эса буқа боши тасвирланган бўлиб, улар қадимги Рим меъморчилиги ҳақида қимматли маълумотларни сақлаб қолган.

Олимларнинг айтишича, топилган материаллар ушбу қадимий вилланинг қайси даврда қурилгани ва қанча вақт фойдаланилганини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса Адриан саройидан аввал мавжуд бўлган тарихий мажмуа ҳақидаги билимларни янада бойитишга хизмат қилади.

Ochiq osmon ostidagi qadimiy tosh xarobalar va ularning atrofidagi yashil maydon.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, ерости иншоотининг гумбазсимон том қисми деярли мукаммал ҳолатда сақланиб қолган. Археологларнинг таъкидлашича, бундай иншоотларда том қисми одатда вақт ўтиши билан қулаб тушади. Бироқ бу сафар ҳатто қадимги римликлар бетон қуйиш жараёнида ишлатган ёғоч қолипларнинг излари ҳам аниқ кўриниб турган.

Мутахассислар ушбу кашфиёт Рим тарихидаги муҳим бўшлиқларни тўлдириши мумкинлигини айтмоқда. Чунки Адриан ўз саройини қуриш жараёнида аввалги биноларнинг катта қисмини буздирган ва шу сабабли улар ҳақидаги маълумотлар жуда кам сақланиб қолган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар