Европа Instagram ва Facebook'га қарши чиқди: Meta катта жарима хавфи остида

Европа Иттифоқи Instagram ва Facebook'нинг айрим функциялари фойдаланувчиларни платформадан узила олмайдиган ҳолатга олиб келиши мумкин, деган хулосага келди. Еврокомиссиянинг дастлабки баҳосига кўра, Meta компанияси айниқса ўсмирлар ва ҳимояга муҳтож фойдаланувчилар учун хавфларни етарлича ҳисобга олмаган.
Агар текширув якунида бу хулосалар тасдиқланса, дунёдаги энг йирик технологик компаниялардан бири йиллик глобал айланмасининг 6 фоизигача жарима тўлаши мумкин.
Еврокомиссия Meta'га қандай айб қўйди?
10 июль куни Европа Комиссияси Meta компаниясини Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунини бузганликда айбдор деб топган дастлабки қарорни қабул қилди.
Комиссия маълум қилишича, Facebook ва Instagram'нинг айрим интерфейс ечимлари фойдаланувчиларни платформада узоқроқ ушлаб туришга хизмат қилади ва бу жисмоний ҳамда руҳий саломатлик учун хавф туғдириши мумкин.
Текширувга кўра, Meta ушбу хавфларни, айниқса:
вояга етмаганлар;
ўсмирлар;
ҳимояга муҳтож катта ёшли фойдаланувчилар учун етарлича баҳоламаган.
Қайси функциялар эътирозга сабаб бўлди?
Еврокомиссия қаршилигига сабаб бўлган асосий механизмлар қуйидагилардир:
шахсийлаштирилган тавсиялар алгоритми;
видеоларнинг автоматик ишга тушиши;
тасманинг чексиз (infinite scroll) айлантирилиши.
Комиссия фикрича, айнан шу функциялар фойдаланувчиларни янги контентни тўхтовсиз томоша қилишга ундайди ва уларни «автопилот режими»га ўтказиши мумкин.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Meta компанияси ўсмирларнинг кечаси Instagram ва Facebook'да ўтказадиган вақти ҳамда Reels ва Stories каби форматларнинг ортиқча фойдаланишга таъсири ҳақидаги маълумотларни ҳам етарлича инобатга олмаганини таъкидлади.
Ота-она назорати ҳам танқид қилинди
Комиссия Meta томонидан таклиф этилган ота-она назорати воситалари ҳам кутилган даражада самарали эмас, деган хулосага келди.
Баёнотда қайд этилишича, бу воситалардан тўғри фойдаланиш учун ота-оналар етарли техник билимга эга бўлиши ва уларни ўрганишга алоҳида вақт ажратиши талаб этилади. Амалда эса бу ҳар доим ҳам имкони бўлмайди.
Энди Meta'ни нима кутмоқда?
Дастлабки қарор эълон қилингач, Meta компаниясига ҳужжатлар билан танишиш ва Еврокомиссия эътирозларига ёзма жавоб бериш имконияти берилади.
Агар текширув якунида Комиссиянинг хулосалари тасдиқланса, Meta компанияси глобал йиллик айланмасининг 6 фоизигача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи Meta'нинг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга риоя қилиши бўйича расмий текширувни 2024 йил май ойида бошлаган эди.































Изоҳлар 0
…