Дунёдаги энг тушкун шаҳар деб аталган маскан ҳақиқати

Шотландиянинг Марказий пасттекислигида жойлашган Аллоа шаҳри интернет фойдаланувчилари томонидан Ер юзидаги енг тушкун ва дўзахнинг бир бўлаги сифатида қаттиқ танқид қилинди. Шунга қарамай, кўплаб шотландияликлар бу ҳудудни яшаш ва саёҳат қилиш учун муносиб маскан деб ҳисоблайди.
Шотландия дунё миқёсида асосан Эдинбург ва Глазго каби йирик шаҳарлари, шунингдек, Скай ороли сингари гўзал манзаралари билан машҳур. Бироқ мамлакат ҳудудида жойлашган кўплаб шаҳарча ва қишлоқлар ҳам ўзига хос тарихи, табиати ва маданий мероси билан эътиборга лойиқ ҳисобланади.
Албатта, ҳар қандай ҳудуднинг ижобий жиҳатлари бўлгани каби, уни танқид қилувчилар ҳам учрайди. Айрим шотландияликлар ҳатто ўз туғилиб ўсган шаҳарлари ҳақида интернет орқали кескин фикрлар билдиришади.
Яқинда Daily Record нашри ILiveHere сайтида бир фойдаланувчи Глазго яқинидаги Ист-Килбрайд шаҳрини “дўзахнинг бир бўлаги” деб атаганини ёритган эди. Худди шундай танқидларга дуч келган яна бир шаҳар эса Клакманнаншир ҳудудидаги Аллоа бўлди.

Шотландиянинг Марказий пасттекислигида жойлашган Аллоа шаҳри Стирлингдан тахминан 10 километр, Данфермлиндан эса қарийб 21 километр узоқликда жойлашган. Бугунги кунда у тарихий бинолари, диққатга сазовор меъморий обидалари, мустақил дўконлари, маҳаллий тадбиркорлик объектлари ҳамда машҳур овқатланиш масканлари билан танилган гавжум шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Шунга қарамай, ILiveHere сайтида ўзини маҳаллий аҳоли сифатида таништирган муаллиф Аллоани “эҳтимол, Ер юзидаги энг тушкун жой” деб атаган. Унинг фикрича, шаҳар “жамиятнинг кичик чиқиндихонаси”ни эслатади ва бу ерда паблар ҳамда букмекерлик шохобчаларидан бошқа деярли ҳеч нарса йўқ.
Муаллиф ҳатто: “Нега одамлар бундай жойда яшашини тушуниш қийин. Шаҳар гўё зомбилар ҳақидаги апокалиптик фильм саҳнасини эслатади”, дея кескин муносабат билдирган.
Бироқ бу фикрга ҳамма ҳам қўшилмайди. Аксинча, кўплаб шотландияликлар Аллоани яшаш ва саёҳат қилиш учун муносиб шаҳарлардан бири деб ҳисоблайди. Унинг бой саноат тарихи, қадимий ёдгорликлари, гўзал сайр масканлари ва табиий манзаралари меҳмонларни ўзига жалб қилиб келмоқда.
Ҳозирда тахминан 14,5 минг аҳоли яшайдиган Аллоа ўтмишда Шотландиянинг муҳим саноат марказларидан бири бўлган. XVIII асрдаги саноат инқилоби даврида шаҳар жунчилик, тўқимачилик, шишасозлик, пивочилик ва бошқа соҳалардаги тараққиёти билан машҳур бўлган.

Шаҳарнинг энг машҳур тарихий иншоотларидан бири — Аллоа минораси ҳисобланади. Мутахассислар унинг қурилиши XVI аср бошларига тўғри келишини таъкидлайди. Илк бор муҳим паром йўлини қўриқлаш мақсадида барпо этилган мазкур минора бугунги кунда туристик маскан сифатида фаолият юритиб, меҳмонларга нафис интерьерлар ва юқори қисмидаги кенг панорамали манзараларни тақдим этади.
Шундай қилиб, баъзи интернет фойдаланувчилари Аллоани қаттиқ танқид қилган бўлса-да, шаҳарнинг тарихи, диққатга сазовор масканлари ва ўзига хос муҳити уни кўплаб инсонлар учун жозибадор манзилга айлантириб келмоқда.






























Изоҳлар 0
…