Акула ҳужумида аввал ҳомиладор севгилисини қутқарди, кейин акула уни қонга белади

Флорида штатининг Волусия округидаги Данлоутон соҳили яқинида 22 ёшли Жакори Хайга акула ҳужум қилди. Ҳужум пайтида йигит ўзини емас, балки ҳомиладор севгилисининг хавфсизлигини ўйлаб, уни қирғоққа олиб чиқди. Оғир жароҳат олиб кўп қон йўқотганига қарамай, у мустақил равишда соҳилгача етиб келди ва қутқарувчилар ёрдамида шифохонага етказилди.
Флорида соҳилларида содир бўлган акула ҳужуми ҳақиқий жасорат намунасини намоён этди. 22 ёшли Жакори Хай денгизда сузиб юрган вақтда акула ҳужумига учради. Аммо у энг аввало ўзининг эмас, ҳомиладор севгилисининг ҳаёти ва хавфсизлигини ўйлади.
Ҳодиса Волусия округидаги Данлоутон соҳили яқинида юз берган. Жакори Хайнинг сўзларига кўра, у белигача сувга кирган вақтда тўсатдан чап оёғини нимадир қаттиқ тишлаганини ҳис қилган. Бир неча сониядан кейин эса унга акула ҳужум қилганини англаган.
Унинг айтишича, акула дастлаб оёғини тишлаб, кейин қўйиб юборган. Бироқ орадан кўп ўтмай яна қайтиб келиб, бу сафар унинг қўлига ташланишга уринган. Жакори йиртқични қўли билан итариб юборишга муваффақ бўлган ва дарҳол ҳомиладор севгилисини соҳил томон етаклаб, уни хавфсиз жойга олиб чиққан.
«Мен учун энг муҳими аввал унинг омон қолиши эди. Севгилимнинг хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилганимдан кейингина ўз аҳволим ҳақида ўйлай бошладим», — деди у маҳаллий ОАВга.
Оғир жароҳат олганига ва кўп миқдорда қон йўқотганига қарамай, Жакори мустақил равишда соҳилгача етиб келишга муваффақ бўлган. У ерда қутқарувчилар унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага етказишган.
Шифокорларнинг маълум қилишича, унинг чап оёғида чуқур тиш излари қолган, пайлари ҳам шикастланган. Ҳозирда йигит шифокорлар назорати остида даволанмоқда. Оила аъзоларига тиббий харажатларни қоплашда кўмак бериш мақсадида хайрия жамғармаси ҳам ташкил этилган.






























Изоҳлар 0
…