Дания маликаси Изабелла 11 ойлик ҳарбий хизматни бошлади

Дания маликаси Изабелла 11 ойлик ҳарбий хизматни бошлади

Дания қироллик оиласининг 19 ёшли вакили малика Изабелла расман ҳарбий хизматга қўшилди. У Слагелсе шаҳри яқинидаги ҳарбий қисмга етиб келиб, келгуси 11 ой давомида Гвардия гусарлар полкида хизмат қилади. Бу ҳақда Town and Country маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда малика билан бирга яна 1,6 мингга яқин йигит-қиз Дания армиясига қабул қилинган. Изабелла хизмат давомида ҳарбий хизматчиларга бериладиган маош ва бошқа тўловлардан воз кечишга қарор қилган.

Маликанинг акаси, тахт вориси шаҳзода Кристиан ҳам аввал ушбу ҳарбий қисмда хизмат қилган. У кейинчалик лейтенантлик бўйича махсус ҳарбий таълимни давом эттирган.

Дания 2024 йилда Европадаги хавфсизлик вазиятининг ўзгариши фонида ҳарбий хизмат тизимини ислоҳ қилган. Натижада муддат тўрт ойдан 11 ойга узайтирилди, аёллар ҳам мажбурий ҳарбий хизмат тизимига жалб этилди. Шунингдек, 2033 йилгача ҳар йили ҳарбий хизматга чақириладиганлар сонини 7,5 минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар