NASA Марс суратида сирли «юраётган одам»ни тасвирга олдими?

2007 йилда Спирит марсоходи томонидан Марс юзасида олинган, одамга ўхшаш силует акс етган сурат аслида Қуёш нурлари маълум бурчакда тушиши натижасида ҳосил бўлган оддий қоя бўлиши мумкин. Сурат интернетда, жумладан ижтимоий тармоқларда, қадимги Марс сивилизацияси ёки ҳаёт излари ҳақидаги баҳсларни кучайтирди. Аксарият олимлар бу ҳолатни инсон мияси тасодифий шаклларда таниш образларни кўришга мойил бўлган парейдолия еффекти билан изоҳламоқда.
2007 йилда Spirit марсоходи томонидан Марс юзасида олинган фотосурат яна бир бор интернет фойдаланувчилари эътибор марказига айланди. Орадан йиллар ўтганига қарамай, мазкур тасвир ижтимоий тармоқларда тезда тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, панорамали суратда Марснинг тошли ва саҳрога ўхшаш ландшафти фонида узоқ масофада одамга ўхшаш сирли силуэт кўзга ташланади. Объектга диққат билан қаралганда, у қўлларини икки томонга узатган ва оёғини кўтариб ҳаракатланаётган инсонни эслатади. Айнан шу тасвир ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларнинг бошланишига сабаб бўлган.
Айрим фойдаланувчиларнинг фикрича, суратдаги объект оддий тош эмас. Улар бу қадимги Марс цивилизациясига тегишли ҳайкал, сунъий иншоот ёки илгари мавжуд бўлган ҳаёт изларидан бири бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Шу боис ушбу фотосурат қисқа вақт ичида миллионлаб инсонларнинг диққатини тортди.
Бироқ аксарият олимлар ва мутахассислар мазкур ҳолатга илмий нуқтаи назардан ёндашмоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу ҳолат парейдолия эффекти деб аталувчи психологик ҳодиса билан изоҳланади. Бунда инсон мияси булутлар, тошлар, тоғ жинслари ёки соялар каби мутлақо тасодифий шаклларда таниш қиёфалар, ҳайвонлар ёки инсон образларини кўришга мойил бўлади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Марс юзасидан олинган фотосуратларда бундай визуал иллюзиялар аввал ҳам бир неча бор учраган. Шу муносабат билан Сайёралар жамияти ҳам бу тасвирга изоҳ бериб, «одам»га ўхшаб кўринаётган объект аслида Қуёш нурларининг маълум бурчакда тушиши натижасида пайдо бўлган оддий қоя ҳосиласи эканини таъкидлаган.
Шунга қарамасдан, ушбу фотосурат интернетдаги баҳсларни янада кучайтирди. Айрим фойдаланувчилар суратда ҳақиқатан ҳам инсон, қадимги ҳайкал ёки Марсда мавжуд бўлган цивилизациянинг излари акс этганига ишонч билдирмоқда. Бошқалар эса бу шунчаки табиий тош шакли бўлиб, инсон мияси уни таниш образ сифатида қабул қилаётганини таъкидламоқда.
NASA эса ўзининг расмий позициясини ўзгартирмаган. Агентлик бир неча бор Марсда ўтмишда ҳаёт мавжуд бўлганини тасдиқлайдиган ишончли илмий далиллар ҳозирча йўқлигини маълум қилган. Шунингдек, мутахассислар бундай фотосуратлар ўзга сайёралик цивилизация мавжудлигининг исботи эмаслигини, уларни илмий таҳлил қилишда эҳтиёткорлик ва далилларга асосланган ёндашув муҳимлигини таъкидлаб келмоқда.
Шу тариқа, 2007 йилда олинган биргина фотосурат орадан қарийб йигирма йил ўтган бўлса-да, ҳамон қизиқиш уйғотишда давом этмоқда. Бу эса Марс ҳақидаги ҳар қандай ғайриоддий тасвирлар инсонларда катта қизиқиш ва турли тахминларни пайдо қилишини яна бир бор кўрсатди.






























Изоҳлар 0
…