Чегарада гўдак таглигидан тилла қуймалари топилди

Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида тилла қуймалари ва катта миқдордаги нақд валютани ноқонуний олиб чиқишга уриниш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Биринчи ҳолатда аёл гўдак фарзандининг таглиги орасига қарийб 200 грамм оғирликдаги икки дона тилла қуймасини яширган, шунингдек, 70 грамм заргарлик буюмларини олиб чиқишга уринган. Иккинчи ҳолатда қўшни давлат фуқароси 14 ёшли қизининг кийимлари остига 40 минг АҚШ долларини яширган.
Тошкент вилоятида жойлашган «Навоий» чегара божхона постида болалардан фойдаланган ҳолда тилла қуймалари ва йирик миқдордаги нақд валютани мамлакатдан ноқонуний олиб чиқишга бўлган икки уриниш фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси раиси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондан чиқиб кетаётган аёл ўзининг гўдак фарзанди таглиги орасига қарийб 200 грамм оғирликдаги икки дона тилла қуймасини яширган ҳолда давлат чегарасидан олиб ўтишга уринган. Божхона ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида ушбу қонунбузарлик аниқланган.
Бундан ташқари, аёлнинг шахсий буюмлари кўздан кечирилганда божхона назоратига тақдим этилмаган, умумий оғирлиги 70 грамм бўлган заргарлик буюмлари ҳам топилган. Маълум қилинишича, мамлакатдан олиб чиқишга уринилган тилла қуймалари ва тақинчоқларнинг умумий қиймати қарийб 450 миллион сўмни ташкил этган.
Яна бир ҳолатда эса қўшни давлат фуқароси 14 ёшли қизининг кийимлари остига 40 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулни яшириб, уни чегара орқали олиб чиқишга уринган. Бироқ мазкур қонунбузарлик ҳам божхона ходимлари томонидан ўз вақтида аниқланиб, унинг олди олинган.
Эслатиб ўтиш жоизки, амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахслар Ўзбекистондан 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валютани божхона қоидаларига риоя қилган ҳолда чекловсиз олиб чиқиши мумкин. Мазкур тартиб мамлакат резидентлари ва норезидент жисмоний шахслари учун бир хил амал қилади.
Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишга жалб қилиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин. Агар вояга етмаган шахс жиноят содир этишга жалб қилинган бўлса, айбдор шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ҳозирда мазкур икки ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш жараёнини олиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…