Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 75 ёшида вафот этди

Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 5 август куни 75 ёшида вафот етди. У турли йилларда Ўзбекистон телерадиокомитети, “Саодат” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритган, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган. Шоира “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Хизр булоғи”, “Тонгга қасам” ва бошқа шеърий тўпламларни яратган.
Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 5 август куни 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.
Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. У Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Шоира турли йилларда Ўзбекистон телерадиокомитети, “Саодат” журнали ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритган. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳам ишлаган.
У “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Хизр булоғи”, “Тонгга қасам”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” ва “Ватан суврати” каби шеърий тўпламларни яратган. Шарифа Салимова хорижий ва қўшни халқлар шоирлари ижодидан ҳам ўзбек тилига таржималар қилган.
Шоира 1994 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган. Эътиборлиси, жорий йилнинг 28 май куни унга “Ўзбекистон халқ шоири” юксак фахрий унвони топширилган . Шарифа Салимовага 2018 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени берилган.
Унинг “Қаддингни тик тут, аёл”, “Ватан”, “Давлатли султоним менинг”, “Қўрқитар”, “Ачом-ачом қиласиз” ва бошқа шеърлари хонанда Юлдуз Усмонова ижросида қўшиқ қилиб куйланган.
Жаноза аср намозидан сўнг Чиғатой масжидида ўқилади.






























Изоҳлар 0
…