18-қаватдан қулаган қиз мўъжизавий тарзда тирик қолди

Хитойда 20 ёшли қиз 18-қават балконидан қулаб, дарахт шохлари ва буталар ёрдамида тирик қолган. Воқеа 12 июл куни соат 4:00 атрофида, қиз йигити билан жанжаллашганидан сўнг содир бўлган. У бош қисми, ўпкаси, жигари ва талоғидан жароҳат олган, тос суяги, чаноқ қисми ва икки оёғи синган ҳамда икки марта операция қилинган. Даволаниш харажатлари 100 минг юандан ошган, оила эса онлайн хайрия орқали 90 минг юан тўплаган.
Хитойда 20 ёшли қиз 18-қаватли турар жой балконидан қулаганига қарамай, ҳаёт қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 12 июль куни тонгги соат 4:00 атрофида содир бўлган. Қиз йигити билан чиққан жанжалдан сўнг балкондан ўзини ташлаган. Қулаш пайтида дарахт шохлари унинг тушиш тезлигини секинлаштирган ва у буталар устига тушгани сабабли омон қолган.
Ҳодисадан кейин йигити уни зудлик билан шифохонага олиб борган ва даволаниши учун дастлабки 20 минг юан (тахминан 3 минг АҚШ доллари) тўлаган.
Шифокорлар текшируви натижасида қизнинг бош қисми, ўпкаси, жигари ва талоғи жароҳатлангани, шунингдек, тос суяги, чаноқ қисми ва икки оёғи сингани аниқланган. У икки марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.
Хабарда айтилишича, қиз воқеадан икки кун аввал йигити билан муносабатларига нуқта қўйишга қарор қилган ва Юннан вилоятига қайтиш учун поезд чиптасини ҳам сотиб олган. Бироқ 11 июль куни чиққан навбатдаги жанжалдан сўнг йигити унинг шахсий гувоҳномаси ва мобил телефонини олиб қўйган, шунингдек, уй эшигини қулфлаб қўйган.
Бу воқеа қизнинг оиласи даволаниш харажатларини қоплаш учун оммавий ахборот воситалари орқали ёрдам сўрагач кенг жамоатчиликка маълум бўлган. Қизнинг онасига 2022 йилда саратон ташхиси қўйилган бўлиб, оила аввалдан молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган эди.
Ҳозирга қадар тиббий харажатлар 100 минг юандан ошиб кетган. Оила шифохонадан қарздор бўлиб қолган, шу билан бирга онлайн хайрия платформаси орқали 90 минг юан маблағ тўплашга муваффақ бўлган.






























Изоҳлар 0
…