Невадада айиқларни қутқараётган махсус итлар ҳаммани ҳайратга солди

Невадада одамлар ва ёввойи айиқлар ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш учун махсус тайёрланган карел айиқ итларидан фойдаланилмоқда. Бўрсиқ ва Банжо лақабли итлар айиқларга ҳужум қилмай, вовуллаш, қувиш ва айрим ҳолларда енгил тишлаш орқали уларни аҳоли яшайдиган ҳудудлардан узоқлаштиради. Улар, шунингдек, уйлар остига яширинган, жароҳатланган ёки етим қолган айиқларни излаш ҳамда ёввойи табиат тадқиқотларида иштирок этади.
Невада штатида одамлар ва ёввойи айиқлар ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш учун махсус тайёрланган карел айиқ итларидан фойдаланилмоқда. Бу усул нафақат аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, балки айиқларни ҳам ҳалокатдан сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Бўрсиқ ва Банжо лақабли икки карел айиқ ити Невада Ёввойи табиат департаменти (NDOW) биологлари билан бирга ишлайди. Улар айиқларга ҳужум қилмайди, балки вовуллаш, қувиш ва айрим ҳолларда енгил тишлаш орқали ҳайвонни аҳоли яшайдиган ҳудудлардан узоқлаштиришга ўргатилган.
Мутахассислар бу усулни «салбий шартли рефлекс шакллантириш» деб атайди. Унинг мақсади айиқларда одамлар яшайдиган жойларга нисбатан табиий эҳтиёткорлик ҳиссини қайта тиклашдир. Шу тариқа ҳайвонлар осон озуқа излаб маҳаллаларга қайтиш ўрнига ўз табиий яшаш муҳитига йўл олади.

Бўрсиқ ва Банжо нафақат айиқларни шаҳар ҳудудларидан чиқариш, балки уйлар остига яширинган ҳайвонларни топиш, жароҳатланган ёки етим қолган айиқларни излаш ҳамда ёввойи табиат тадқиқотларида иштирок этиш вазифаларини ҳам бажаради.
Карел айиқ итлари Финляндия ва Россия ўртасидаги Карелия ҳудудида йирик ҳайвонларни овлаш учун етиштирилган. Улар жасурлиги, кучли инстинкти ва катта ҳайвонлар билан ишлаш қобилияти туфайли ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ишларида энг самарали зотлардан бири ҳисобланади.

Маълум қилинишича, Невадада ушбу дастур 2001 йилда биринчи карел айиқ ити — Stryker билан йўлга қўйилган. Шундан буён махсус тайёрланган итлар айиқлар ва одамларнинг хавфсиз бирга яшашини таъминлашда муҳим ўрин тутиб келмоқда.






























Изоҳлар 0
…