«Бу шахмат ўйини»: Трамп Эронни мағлуб этишнинг янги режасини очиқлади

Доналд Трамп Эронни ҳарбий тўқнашувдан кўра иқтисодий босим, санксиялар ва денгиз блокадаси орқали жиловлаш режасини маълум қилди. Унинг айтишича, Эрон оғир молиявий инқирозда қолган, инфляция кучайган ва ҳатто ҳарбийларига маош тўлашга ҳам пули етмаяпти. Трамп нефт нархининг баррелига 75 доллардан сал кўпроқ тушганини америкалик истеъмолчилар учун ютуқ деб баҳолади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳронга нисбатан олиб борилаётган сиёсат, иқтисодий босим ва Эрондаги оғир молиявий инқироз ҳақида «Axios» нашрига берган эксклюзив интервьюсида очиқ-один фикр билдирди.
Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, Вашингтон Эрон билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувдан кўра, иқтисодий жиҳатдан жиловлаш ва шахмат ўйинидек пухта ўйланган тактикага таянмоқда.
«Эроннинг пули йўқ, улар жуда оғир аҳволда»
Дональд Трамп Эрон атрофидаги вазиятни кузатиб бораётгани ва Теҳронга қарши иқтисодий санкциялар ўз самарасини бераётганини алоҳида қайд этди:
«Биз Эрон билан хотиржамлик билан, кескинликни кучайтирмасдан ишлаяпмиз. Улар билан ярим юрак билан музокара олиб бормоқдамиз ва шунчаки Эронни улкан инфляция ҳамда пулсиз қолганини кузатмоқдамиз.
Эрон жуда ёмон иқтисодий аҳволда ва ҳатто ўз ҳарбийларига маош тўлашга ҳам пули қолмаган», — деди АҚШ Президенти.
Трамп бу ҳолатни тўғридан-тўғри АҚШнинг қатъий ҳаракатлари ва хусусан, денгиз блокадаси билан боғлади. Унинг сўзларига кўра, айнан ушбу чекловлар Эроннинг молиявий инқирозини янада чуқурлаштирган.
Ҳарбий зарбадан воз кечиш ва нефть нархлари
Эътиборли жиҳати шундаки, бир неча кун олдин Дональд Трамп Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга буйруқ беришга мойил эди. Бироқ кейинчалик у куч ишлатиш ғоясидан воз кечиб, эътиборни иқтисодий босимга қаратди.
Шунингдек, АҚШ раҳбари жаҳон бозорида нефть нархи пасайганини (баррелига 75 доллардан сал кўпроқ) америкалик истеъмолчилар учун катта ютуқ сифатида баҳолади:
«Ҳамма нарса яхши бўлади. Ҳамма нарса доим шундай бўлади. Бу шунчаки шахмат ўйинига ўхшайди», — дея хулоса қилди Трамп.
Теҳроннинг жавоби: Музокаралар шарти
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи Вашингтоннинг позициясига муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, АҚШ томони аввал имзоланган ўзаро англашув меморандумини бузишни тўхтатмагунича, Теҳрон Вашингтон билан ҳеч қандай тўғридан-тўғри музокаралар олиб бормайди.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…