Бельгияда девор орасидан 9 млн евролик олтин топилди

Белгиянинг Дендермонде шаҳрида қурилиш пайтида девор орасидан қиймати қарийб 9 миллион эврога баҳоланган олтин тангалар ва қуймалар топилди. Топилмани 18 ёшли талаба Коби пайқаган, шундан сўнг ишчилар бу ҳақда бино эгаси ва полисияга хабар берган. Олтинлар ҳозир полисия назоратида сақланмоқда, Шарқий Фландрия прокуратураси эса хазина деворга қачон ва нима мақсадда яширилганини текширмоқда.
Бельгиянинг Дендермонде шаҳрида қурилиш ишлари олиб борилаётган вақтда девор орасидан қиймати қарийб 9 миллион еврога баҳоланаётган олтин тангалар ва қуймалар топилди. Топилма ҳақида VRT NWS хабар берди.
Ҳодиса 12 август куни Синт-Гиллис-Дендермонде ҳудудидаги Ван Лангенховестраат кўчасида жойлашган бинода бузиш ишлари пайтида аниқланган. Ишчилар канализация қувурини ўтказиш учун пойдеворнинг бир қисмини бузганида, ғиштлар орасидан ялтироқ тангалар ва олтин қуймалари чиққан.
Хазинани биринчи бўлиб 18 ёшли талаба Коби пайқаган. У дастлаб топилган тангаларни оддий 1 евролик тангалар деб ўйлаган. Бироқ улар орасидан олтин бўлаги ҳам кўриниши билан ишчилар ғайриоддий топилмага дуч келишганини англаган.
Қурилиш майдони раҳбарининг айтишича, қазиш ишлари давом эттирилганида яна кўплаб олтин тангалар ва қуймалар топилган. Шундан сўнг ишчилар бу ҳақда объект эгаси ва полицияга хабар берган. Ҳозирда топилган олтинлар полиция назорати остида хавфсиз жойда сақланмоқда.
Шарқий Фландрия прокуратураси мазкур хазинанинг бино девори орасига қачон ва нима мақсадда яширилганини аниқлаш учун тергов олиб бормоқда. Бино эгасининг вакили эса олтинларнинг яширилиши эҳтимолий фирибгарлик билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Айни пайтда қимматбаҳо топилманинг қонуний эгаси ким экани, шунингдек, уни аниқлаган қурилиш ишчиларига мукофот бериладими-йўқми маълум эмас. Бу масалалар тергов натижалари ва Бельгия қонунчилиги асосида ҳал этилади.
Қурилиш майдони раҳбари эса 33 йиллик иш тажрибаси давомида бундай ҳолатга биринчи марта дуч келганини айтган.






























Изоҳлар 0
…