«Ҳимоя — бош оғриғимиз»: Кападзе кечаги ўйиндан сўнг камчиликлар ҳақида

«Навбаҳор» Суперлиганинг 17-турида «Бунёдкор»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди. Temuр Кападзе жамоа 2:0 ҳисобида олдинга чиққач, ўйинни бўшаштириб юборгани ва ҳимоядаги хатолар энг катта муаммо эканини таъкидлади. Муҳаммадали Ғиёсовнинг жароҳати жиддий эмаслиги, таркибдаги ўзгаришлар эса тиғиз тақвим сабаб футболчилардаги толиқиш билан боғлиқлиги айтилди.
Ўзбекистон Суперлигаси 17-туридан ўрин олган «Навбаҳор» ҳамда «Бунёдкор» клублари ўртасидаги баҳс ҳақиқий голлар шоусига айланди. 7 та гол урилган муросасиз ўйинда наманганликлар 4:3 ҳисобида иродали ва муҳим ғалабани қўлга киритди.
Учрашув якунлангач, «лочинлар» устози Темур Кападзе журналистлар қаршисида матбуот анжуманида қатнашиб, баҳснинг мураккаб жиҳатлари, ҳимоядаги муаммолар ва таркиб ўзгаришларига батафсил тўхталди.
«2:0 дан кейин ўйинни ташлаб юбордик»
Темур Кападзе қийин кечган ғалаба ва ҳимоя чизиғидаги камчиликлар ҳақида куюнчаклик билан фикр билдирди:
«Аввало, «Навбаҳор» мухлисларини қийин ғалаба билан табриклайман. Аслида ўйинни бунчалик оғирлаштирмаслигимиз керак эди. 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик, яна голлар уришимиз лозим эди.
Муҳаммадали Ғиёсовнинг жароҳати таъсир қилдими, билмадим, аммо йигитлар ўйинни бироз бўшаштириб юборишди. Рақибнинг ҳар бир тепган тўпи дарвозамиздан жой олгани алам қилди. Ҳимоядаги хатоларимиз — айни пайтда энг катта бош оғриғимиз. Камчиликлар устида ишлаймиз, чунки жуда осон голлар ўтказиб юбордик. Олдимизда «Насаф» билан жиддий беллашув кутиб турибди».
Ғиёсовнинг жароҳати ва таркибдаги ротация
Учрашув давомида мажбурий ўзгартирилган ва гол муаллифи бўлган Муҳаммадали Ғиёсовнинг ҳолати ҳақида устоз қувонарли янгиликни айтди:
«Биз бошида жиддий хавотирда эдик. Шифокорлар кўрикдан ўтказишди, хайриятки, жароҳати унчалик оғир эмас, оёғини бироз қайириб олибди, холос.
Таркибдаги ўзгаришларга келсак, тиғиз тақвим туфайли футболчиларда толиқиш кузатилмоқда. Захирадаги ҳар бир ўйинчига тўлиқ ишонаман. Жиянов, Усмонов, Абдураҳмонов каби йигитлар майдонга тушиб, ўйин темпини яхши кучайтириб беришди».
Абдулла Абдуллаев нега битта ҳам ўйинда қатнашмай жамоани тарк этди?
Матбуот анжуманида жамоага яқинда келиб, тезда «Нефтчи»га ўтиб кетган тажрибали яримҳимоячи Абдулла Абдуллаев масаласига ҳам аниқлик киритилди:
«Абдуллаев билан 5 ойлик, яъни йил охиригача шартнома имзолагандик. Жароҳати борлигини билардик ва бир ойда тузалиши кутилганди. Бироқ бир ой ўтиб қилинган такрорий рентген унинг суяги битишига ҳали анча вақт кераклигини кўрсатди.
Агар 1,5–2 йиллик шартнома бўлганида кутиш мумкин эди. Биз олдиндан келишиб олгандик: жароҳат чўзилса, битим бекор қилинади. Чунки унинг тўлиқ тикланишига 2-3 ой кетиб, мавсум ҳам тугаб қоларди. «Нефтчи» унга узоқ муддатли шартнома таклиф қилди ва бу тўғри қарор. Раҳбарият билан дўстона хайрлашдик. У кучли футболчи ва терма жамоамизга ҳали кўп керак бўлади», — дея сўзини якунлади Кападзе.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…