Маҳатма Гандининг қўлёзмалари рекорд нархда сотилди

Ҳиндистон мустақиллиги ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳатма Гандига тегишли 600 дан ортиқ қўлёзма қайдлари аукционда 1,69 миллион долларга сотилди. Бу ҳақда “Анадолу” маълум қилди.
Маълум қилинишича, қимматбаҳо қўлёзмалар Мумбай шаҳрида ташкил этилган аукционда савдога чиқарилган. Ганди 1944–1946 йилларда ёзган ушбу қайдларда унинг ҳаёт, ҳақиқат ва инсоннинг ўзини назорат қилиши ҳақидаги қарашлари акс этган.
Аукционни ташкил қилган Саффронарт савдо уйи маълумотларига кўра, қўлёзмаларнинг 1,69 миллион долларга сотилиши Ҳиндистон тарихига оид ҳужжат учун аукционда тўланган энг юқори нарх бўлди.
Харидорнинг шахси ҳозирча ошкор этилмаган. Шу билан бирга, қўлёзмалар Ҳиндистонда қолиши маълум қилинган.
Маҳатма Ганди зўравонликсиз йўл орқали ижтимоий адолатга эришишни тарғиб қилган “Сатяграха” ҳаракатининг асосчиларидан бири саналади. У вафотидан кейин ҳам шахсий эркинлик ва фуқаролик ҳуқуқлари учун курашувчилар учун муҳим илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.






























Изоҳлар 0
…