2,1 метрлик акула балиқчини ўлим ёқасига олиб келди

2,1 метрлик акула балиқчини ўлим ёқасига олиб келди

Флоридада 2,1 метрлик акула ҳужумига учраган 43 ёшли балиқчи икки нафар ҳамширанинг тезкор ёрдами туфайли омон қолди.

Дэвид Даниэл 23 август, якшанба куни дўстлари билан Кей-Уэст яқинидаги саёз сувда балиқ овлаётган эди. Шу пайт тахминан 2,1 метр узунликдаги акула унга ҳужум қилиб, оёғининг юқори қисмини тишлади. Натижада Дэвид жиддий жароҳатланиб, артериядан кучли қон кетди.

Яқиндаги қайиқда бўлган ҳамширалар Кортни МакМюррей ва Крис Грин зудлик билан унга ёрдамга келди. Улар қон кетишини назорат қилиб, жароҳатланган оёғини баланд ҳолатда ушлади ва АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизматига хабар берди.

Дэвид ҳаво орқали Jackson South Medical Centerга етказилиб, ўша кеча шошилинч операция қилинди. Икки кундан кейин яна бир жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шифокорлар унинг 6–8 ҳафта давомида юра олмаслиги, шунингдек, кенг қамровли физиотерапияга муҳтож бўлишини айтган. Дэвид бир неча ой ишлай олмаслиги мумкин.

Акула ҳужуми қандай содир бўлди?

Дэвид аввал соҳил бўйлаб сузаётган 1,8–2,1 метрлик акулани пайқаган. У ундан узоқлашишга уринганида, акула йўналишини ўзгартириб, унга томон ҳаракатланган ва оёғини тишлаб, кейин қўйиб юборган.

Дэвид сувга қараганида кўп қон оқaётганини кўрган ва қумликда қон йўқотиб, ўлиб қолишидан қўрққан.

Унинг айтишича, воқеа унга ҳаётда ҳар бир дақиқанинг қадрини англатган. Бир лаҳзада дўстлар билан яхши вақт ўтказиб турган инсон кейинги дақиқада ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини таъкидлаган.

Дэвид 26 август куни шифохонадан оёғи махсус боғлам ва ботинка билан ҳимояланган ҳолда чиқарилди.

Унинг тиббий суғуртаси йўқлиги сабабли даволаниш ва кундалик харажатларини қоплаш учун дўсти Робин Корлис GoFundMe хайрия акциясини бошлади. Унда ҳозиргача 8 836 доллар йиғилган бўлиб, мақсад 16 минг доллар тўплашдан иборат.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар