Чехияда телефонга чалғиган 7 ёшли бола метро рельсига тушиб кетди (видео)

Чехияда телефонга чалғиган 7 ёшли бола метро рельсига тушиб кетди (видео)

Чехия пойтахти Прагада 7 ёшли бола телефонга қараб кетаётиб, метро рельсига тушиб кетди. Уни поезд етиб келишидан бир неча сония олдин бошқа йўловчилар қутқариб қолди. Бу ҳақда Чехия Республикаси полицияси хабар берди.

Ҳодиса 2 сентябрь куни соат тахминан 18:00 да “Muzeum” метро бекатида содир бўлган. Полиция маълумотига кўра, оила аъзоси ҳамроҳлигида бўлган бола телефонга қараб кетаётгани сабабли рельс томон юрганини пайқамаган.

Бола тўсатдан мувозанатини йўқотиб, рельслар устига тушиб кетган. Шу пайтда бир нафар хорижлик йўловчи уни қутқариш учун рельсга сакраган. Бошқа йўловчилар ҳам ёрдам бериб, болани атиги бир неча сония ичида перронга олиб чиққан.

Боланинг ҳаётини сақлаб қолишда перрон четида жойлашган фавқулодда тўхтатиш тугмаси ҳам муҳим рол ўйнаган. Тугма босилгач, яқинлашаётган метро поезди тўхтатилган.

Полиция ходимлари етиб келганидан сўнг бола енгил жароҳатлар билан тез ёрдам ходимларига топширилган ва шифохонага олиб кетилган.

Чехия полицияси воқеа ортидан болалар ва уларнинг ота-оналарини метро ҳамда темирйўл ҳудудларида телефондан ёки қулоқчиндан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди. Полиция қисқа муддатли эътиборсизлик ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар