Тўй маросимида ёнғин чиқиб, 22 киши ҳалок бўлди

Тўй маросимида ёнғин чиқиб, 22 киши ҳалок бўлди

Конго Демократик Республикасининг пойтахти Киншаса шаҳрида тўй маросими фожиа билан якунланди. 4 сентябрдан 5 сентябрга ўтар кечаси Лингвала коммунасидаги тантаналар залида содир бўлган ёнғин оқибатида дастлабки маълумотларга кўра, 22 киши ҳалок бўлган, яна кўплаб одамлар жароҳатланган.

Ҳодиса Panacée тантаналар залида, Триомфал булваридаги бинолардан бирининг биринчи қаватида содир бўлган. Ёнғин вақтида залда тўй маросими ўтказилаётган эди. Жабрланганлар Киншасадаги бир нечта шифохоналарга, жумладан, Vijana, Cinquantenaire ва Camp Kokolo тиббиёт муассасаларига олиб борилган.

Лингвала коммунаси ҳокими Норбер Мушига Нзиндуланинг маълум қилишича, 5 сентябрь куни эрталабки ҳолатга кўра, қурбонлар сони 22 кишини ташкил этган. Бироқ бу рақам дастлабки бўлиб, ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин.

Ёнғиннинг аниқ сабаби ҳозирча номаълум. Дастлабки маълумотларга кўра, фожианинг оғирлашишига одамларни тезда эвакуация қилишдаги қийинчиликлар сабаб бўлган. Залда фақат битта чиқиш эшиги бўлган ва у кўп сонли меҳмонларнинг бир вақтнинг ўзида чиқиши учун торлик қилган.

Ёнғин ортидан юзага келган ваҳима ва қуюқ тутун эса вазиятни янада оғирлаштирган.

Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда. Расмийлар ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда тантаналар залларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини текшириш чораларини кўрмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар