Украинада Бош прокурор офисидан долларлар солинган сейф топилди

Украинанинг Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратураси Бош прокуратура идорасида ўтказилган тергов доирасида топилган нақд пуллар солинган сейф суратини эълон қилди. Мазкур фотосурат 5 сентябрь куни идоранинг Телеграм-каналига жойлаштирилган.
Суратда баландлиги қарийб бир метр бўлган металл сейф акс этган. У бир нечта токча ва пастки қисмида тортма билан жиҳозланган. Сейф ичида эски ва янги намунадаги юз долларлик купюралар тахлаб қўйилган бўлиб, тасвирдан унинг қарийб ярмигача нақд пул билан тўлдирилгани кўринади.
Маълум қилинишича, Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратура билан ҳамкорликда бир кун аввал Бош прокуратура офиси кибердепартаменти раҳбари Сергей Крапивани қўлга олган.
Унинг қўлга олиниши фирибгарлик колл-марказлари фаолиятини ҳимоя қилиш ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноий ташкилот фаолиятини фош этишга қаратилган махсус операция доирасида амалга оширилгани айтилмоқда.
Шунингдек, Украинанинг “Зеркало недели” нашри мамлакат ҳудудида қарийб 2 мингта фирибгарлик колл-маркази фаолият юритаётгани ҳақида маълумот берган. Нашрга кўра, уларнинг тахминан ярми текширув ва тинтувлардан ҳимояланиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларига мунтазам равишда пул тўлаб келган.
Қайд этилишича, бундай ноқонуний тўловларнинг умумий миқдори ойига 24 миллион доллардан ошиши мумкин.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ва тезкор тадбирлар давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…