Афғонистонда 6 ёшли қиз 60 ёшли эркакка 200 минг рупияга берилган

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида 6 ёшли қизнинг 60 ёшли эркакка 200 минг Покистон рупияси эвазига никоҳлаб берилгани маълум қилинди. Бу ҳақда 8AM Media хабар берди.
Хабарларга кўра, воқеа Гармсер туманида содир бўлган. Ҳилманд вилояти Толибон матбуот идораси маълум қилишича, қизнинг отаси оиладаги молиявий муаммолар сабаб фарзандини 60 ёшли эркакка берган ва бунинг эвазига 200 минг Покистон рупияси олган. Расмий баёнотда отанинг гиёҳванд моддаларга қарам экани ҳам қайд этилган.
Кейинчалик ушбу иш судга юборилган. Толибон расмийларига кўра, суд ишни кўриб чиқиб, 6 ёшли қизнинг никоҳини бекор қилган.
Бундан ташқари, Ҳилманднинг Над Али туманида 8 ёшли қиз 80 ёшли эркакка турмушга берилиши режалаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Маҳаллий расмийлар аралашуви натижасида бу никоҳ амалга ошишидан олдин тўхтатилгани айтилмоқда.
Мазкур икки ҳолат Афғонистонда болалар никоҳи ва мажбурий турмушга бериш муаммоси сақланиб қолаётганини яна бир бор кўрсатди. Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги қашшоқлик ҳамда қизларнинг таълим олиш имкониятлари чеклангани болалар никоҳи хавфини кучайтираётганидан хавотир билдирмоқда.






























Изоҳлар 0
…