22 ёшли видеоблогер кўчада ҳужумга учради: мухлисларига мурожаат қилди

Британиялик машҳур YouTube блогери TommyInnit, аслидаги исми Том Симонс, кўчада унга ҳужум қилинганини айтди. 22 ёшли Minecraft юлдузи мухлисларидан уни кўришса, юзига мушт туширмасликни сўради.
Блогер ўзининг миллионлаб обуначиларига мўлжалланган видеода бу ҳақида ғайриоддий тарзда мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, бир кун олдин нотаниш киши уни юзига урган. Бироқ воқеа қаерда ва нима сабабдан содир бўлганини очиқламаган. Бу ҳақида Need To Know нашри хабар берди.
Видеода TommyInnit’нинг чап кўзи атрофида қизаришга ўхшаш излар кўринган. У шундай деган:
«Ҳаммага салом, шунчаки кичик бир мурожаат қилмоқчиман. Агар мени жамоат жойида кўриб қолсангиз, илтимос, юзимга мушт урманг. Кеча кимдир юзимга мушт урди. Бир маст ирландиялик. Менга бу ёқмади. Агар шундай қилмасангиз, жуда хурсанд бўлган бўлардим. Раҳмат».
Ғайриоддий мурожаат Instagram’га жойланганидан сўнг тез орада юз минглаб кўришларни тўплади. Бироқ блогернинг обуначилари унинг жиддий илтимосида ҳам ҳазиломуз жиҳатни кўриб, воқеага турлича муносабат билдиришди.
Tommy унга ҳужум қилган шахс уни таниган ёки танимаганини, шунингдек, ҳодиса полицияга хабар қилинган-қилинмаганини айтмаган.
Контент яратувчи аввал ҳам жамоатчилик билан боғлиқ ноқулай вазият ҳақида гапирган. Хусусан, июнь ойида Tommy ва унинг ҳамкасби, YouTube блогери Jack Manifold «Shut Up I’m Talking» подкастида боғда мухлислар томонидан безовта қилингани ҳақида сўз юритган.
Ноттингем шаҳрида туғилган Tommy Minecraft асосидаги видеолар ва жонли эфирлар орқали машҳурликка эришган. Айни вақтда унинг асосий YouTube каналида 15 миллиондан ортиқ обуначи мавжуд.
Блогернинг сўнгги мурожаати эса ижтимоий тармоқларда яна бир бор муҳокамаларга сабаб бўлди.






























Изоҳлар 0
…