Олимлар пашша миясини масофадан бошқаришга муваффақ бўлди

АҚШнинг Ҳьюстон шаҳридаги Райс университети тадқиқотчилари мева пашшаларининг, яъни дрософилаларнинг миясига таъсир ўтказиб, уларни масофадан бошқариш усулини намойиш этди. Тажриба давомида пашшалар миясидаги муайян нейронларга буйруқ юборилганда, ҳашаротлар атиги бир секунд ичида керакли ҳаракатни бажарган. Бу ҳақда Nature Materials журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинди.
Олимлар тажриба жараёнида пашшалар миясига магнит майдони таъсирида қизийдиган темир оксиди нанозарраларини киритди. Шу орқали уларнинг гени ўзгартирилди. Тадқиқот махсус жиҳозланган камерада ўтказилди. Унинг остига электромагнит, юқори қисмига эса видеокамера ўрнатилган.
Пашшаларни бошқариш учун тадқиқотчилар нейронлардаги ҳарорат ўзгариши тезлигига сезгир бўлган ион каналидан фойдаланди. Пашшалар камера ичида ҳаракатланиб, ўрмалаб юрган пайтда магнит майдони ўзгартирилди. Натижада мияга киритилган нанозарралар қизиб, керакли нейронларни фаоллаштирди.
Видеокамера гени ўзгартирилган пашшалар магнит сигнали берилганидан ярим секунд ўтиб, қанотларини қисман ёзганини қайд этди. Мутахассислар ушбу ҳаракатни одатда мазкур жонзотларда жуфтлашиш ишораси сифатида баҳолайди.
Тадқиқот муаллифи Жейкоб Робинсон бу натижа нейротехнология соҳасида муҳим қадам эканини таъкидлади.
«Магнит майдонлари ёрдамида танланган нейрон занжирларини масофадан бошқариш нейротехнологиянинг асосий мақсади ҳисобланади. Бизнинг ишимиз мияни ўрганишда олдинга ташланган муҳим қадам бўлди», деди у.
Жамоа ҳозирда мияни масофадан рағбатлантириш орқали инсонларда кўриш қобилиятини тиклаш усуллари устида иш олиб бормоқда. Муаллифларнинг умид қилишича, миянинг муайян соҳаларини аниқ равишда фаоллаштириш имконини берувчи ушбу технология келажакда кўплаб касалликларни, жумладан, неврологик хасталикларни жарроҳлик амалиётисиз даволашга асос бўлиши мумкин.
Шунингдек, мазкур технология мия ва компьютер ўртасида тўғридан тўғри алоқа ўрнатиш имконини берувчи симсиз қулоқчинларни яратишга ҳам ёрдам бериши мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, бундай қурилмалар миянинг табиий сигналлари аниқлигига яқинлашиши учун жавоб бериш вақтини секунднинг бир неча юздан бир қисмигача қисқартириш талаб этилади.






























Изоҳлар 0
…