68 ёшли альпинист тоғда ҳалок бўлди: жасади топилди

Колорадо штатидаги Марун-Пик тоғида 68 ёшли альпинист Жек “Эндрю” Скиппер ҳалокатли жароҳатлар оқибатида вафот этди. Унинг дўстлари ва собиқ синфдошлари марҳумни “катта қалбли ажойиб инсон” сифатида хотирлади.
Теннесси штатидаги Санта-Фе шаҳрида яшаган Скиппер 24 август куни якка ўзи Рокки тоғларига йўл олган ва 2 сентябрь куни Нэшвиллга қайтиши керак эди. Бироқ белгиланган вақтда қайтмагани ва бир неча кундан бери ундан хабар бўлмагани сабаб қидирув ишлари бошланган.
2 сентябрь куни Питкин округи шерифи идорасига бедарак йўқолган альпинист ҳақида хабар берилган. Унинг ижара автомобилидан топилган маълумотлар Скиппер Марун-Беллс ҳудудидаги Марун-Пик ва Норт-Марун-Пик тоғларига чиқишни режалаштирганини кўрсатган.
Эртаси куни Mountain Rescue Aspen ва CareFlight of the Rockies томонидан ҳаводан қидирув ишлари бошланган. Кўп ўтмай унинг жасади Марун-Пикнинг жануби-шарқий қисмидаги Y Couloir деб аталувчи тик дарадан топилган.
Маълум бўлишича, Скиппер тоғнинг асосий кўтарилиш йўналишидан анча узоқда, техник жиҳатдан мураккаб ва беқарор ҳудудда, тахминан 13 200 фут баландликда бўлган. Жасад жойлашган ҳудудда тошлар қулаши хавфи юқори бўлгани учун уни дарҳол олиб чиқишнинг имкони бўлмаган.
АҚШ Ўрмон хизмати Марун-Пикни вақтинча ёпиб, мураккаб қутқарув операциясини ташкил қилган. Операция 8 сентябрь куни тун ярмидан кейин бошланган.
Тонг отиши билан Flight for Life вертолёти Mountain Rescue Aspen’нинг уч нафар альпинист-қутқарувчисини тоғнинг жанубий қисмидаги тизмасига олиб борган. Улар тахминан бир соат кўтарилиб, Скиппер жасадидан 1000 фут баландликдаги нуқтага етиб борган ва кейин Y Couloir бўйлаб арқон ёрдамида пастга тушган.
Қутқарув ишлари учун зарур бўлган узун тросли вертолёт Колорадо штатида мавжуд бўлмаган. Шу сабабли Юта Жамоат хавфсизлиги департаменти авиация бўлими Солт-Лейк-Ситидан махсус самолёт юборган.
Скиппернинг жасади тоғ ёнбағиридан олиб чиқилиб, Питкин округи коронери идораси вакиллари кутиб турган T Lazy 7 Ranch ҳудудига етказилган. Операция тахминан соат 9:45 да якунланган.

Коронер Скиппер кўплаб қаттиқ зарбалар натижасида жароҳатланганини тасдиқлаб, унинг ўлимини бахтсиз ҳодиса сифатида баҳолаган. Оиласига хабар берилган ва қутқарув ҳамда тергов жараёни ҳақида улар хабардор қилинган.
Дўстлари марҳумни илиқ хотиралар билан ёдга олди
Скиппер Hixson High School’нинг 1976 йилги битирувчиси бўлган. Унинг собиқ синфдошларидан бири улар уни бир неча ҳафтадан кейинги учрашувда кўришни интиқлик билан кутаётганини айтди.
“У ўз севган иши билан шуғулланаётган эди. Эндрю жуда яхши ва хушмуомала инсон эди. Унинг оиласи учун дуо қиламан”, деди у.
У билан бир маҳаллада улғайган яна бир таниши эса Скипперни “катта қалбли ажойиб инсон” деб атади ва унинг оиласига ҳамдардлик билдирди.
Аспен яқинида яна бир альпинист ҳалок бўлган
Скиппер Аспен яқинида бир неча кун ичида турли ҳодисаларда ҳалок бўлган икки альпинистдан бири эди.
37 ёшли Эндрю Тайлер Сайкс 6 сентябрь куни Касл-Пик тоғининг шимолий ёнбағрида қулаши оқибатида вафот этган. Қутқарувчилар унга соат 16:00 атрофида етиб борган, аммо у воқеа жойида вафот этган деб эълон қилинган.
Коронер Сайкснинг ҳам кўплаб қаттиқ зарбалар оқибатида жароҳатланганини билдириб, унинг ўлимини бахтсиз ҳодиса сифатида қайд этган. Жасади ўша куни тоғдан олиб туширилган.
Питкин округи коронери идораси қутқарув ишларида иштирок этган Mountain Rescue Aspen, CareFlight of the Rockies, Flight for Life ҳамда Юта Жамоат хавфсизлиги департаменти авиация бўлимига миннатдорлик билдирди.
Скиппернинг жасади олиб чиқилганидан сўнг қутқарувчилар альпинистларга эҳтиёт чораларига жиддий ёндашишни тавсия қилди. Улар тоғга чиқишдан олдин ишончли инсонга йўналиш, қайтиш вақти ва фавқулодда ҳолатлардаги режаларни қолдириш, мобил алоқа ишламайдиган ҳудудларда эса икки томонлама сунъий йўлдош алоқа қурилмасидан фойдаланиш кераклигини таъкидлади.






























Изоҳлар 0
…