BMWга учиб кирган кийик 20 ёшли футболчини ўлимига сабаб бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Полша ғарбидаги Гостин айланма йўлида 21 сентябр куни тахминан соат 06:00 да содир бўлган ЙТда 20 ёшли футболчи Оскар Кордус ҳаётдан кўз юмди.
- Қарама-қарши йўналишдан келаётган Volkswagen автомобилига урилган кийик Кордус бошқарувидаги BMWнинг олд ойнасидан кириб, унга жиддий жароҳат етказган.
- Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Оскар Кордус ўша куни соат 22:30 атрофида вафот этди.
Польшада юз берган ғайриоддий йўл-транспорт ҳодисаси 20 ёшли футболчи Оскар Кордуснинг ҳаётига зомин бўлди. У бошқарувидаги BMW автомобилига қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган машина урган кийик келиб тушган.
Ҳодиса 21 сентябрь куни тахминан соат 06:00 да Польша ғарбидаги Гостин айланма йўлида содир бўлган. 52 ёшли Volkswagen ҳайдовчиси Крайевиче ва Грабоног ўртасидаги 434-рақамли вилоят йўлига югуриб чиққан кийикни уриб юборган. Кучли зарбадан ҳайвон қарама-қарши йўлакка отилиб, Кордуснинг BMW автомобили олд ойнасидан кирган ва футболчининг юзига теккан.
Зарба оқибатида BMW йўлдан чиқиб кетиб, ариққа ағдарилган. Прокуратура маълумотига кўра, футболчининг ҳодисага муносабат билдиришга вақти бўлмаган.
Гувоҳлар Кордуснинг нафас олмаётганини кўриб, унга юрак-ўпка реанимациясини бошлаган. Қутқарувчилар ҳам CPR амалга оширган. Тез тиббий ёрдам етиб келгач, футболчининг ҳаётий белгилари тикланган ва у санитар авиация орқали Познань шаҳридаги шифохонага олиб кетилган.
Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Оскар Кордус ўша куни соат 22:30 атрофида вафот этган. Volkswagen ҳайдовчиси эса жароҳат олмаган.
Кордус Польша чемпионатининг тўртинчи дивизионида иштирок этувчи Kania Gostyń клубида ҳимоячи сифатида тўп тепган. У мавсум бошида Korona Piaski жамоасидан клубга ўтган ва янги жамоаси сафида еттита лига учрашувида майдонга тушган. Шанба куни Pogoń Nowe Skalmierzyce жамоасига қарши баҳсда ҳам ўйнаган, шунингдек, ой бошида Ostrovia 1909 клубига қарши учрашувда иштирок этган.
Футболчи ўтган мавсумда Korona Piaski сафида 26 та лига ўйинида қатнашган. У ёшлар даражасида эса Zagłębie Lubin ва Warta Poznań клубларида ўйнаган.
Kania Gostyń футболчининг вафоти муносабати билан унинг оиласи, яқинлари ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Клуб вакили Оскар Кордуснинг ўлими ҳақидаги хабарни катта қайғу билан қабул қилганини таъкидлади.
Унинг собиқ клуби Korona Piaski ҳам футболчини хотирлаб, Кордус клубнинг ёшлигидан тарбияланган футболчиси бўлганини қайд этди.
Айни пайтда прокуратура ушбу ҳолатни ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси сифатида тергов қилмоқда. Футболчининг дафн маросими санаси ҳозирча маълум қилинмаган.






























Изоҳлар 0
…