Самарқандда топилган 17 та илон яна табиатга қўйиб юборилди

Самарқандда топилган 17 та илон яна табиатга қўйиб юборилди

Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани тоғли ҳудудларида аҳоли томонидан турли жойлардан топилган 17 та илон мутахассислар кўригидан ўтказилиб, яна табиий муҳитга қўйиб юборилди.

Улар орасида 16 та Ўрта Осиё капча илони ҳамда 1 та гурзи бор. Илонларнинг айримлари турли сабабларга кўра аҳоли яшайдиган ҳудудларга кириб қолган бўлса, бошқалари касалланган ёки шикастланган ҳолда маҳаллий аҳоли қўлига тушган.

Шундан сўнг ҳайвонлар Самарқанд вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасига топширилган. Мутахассислар ёввойи ҳайвонларни махсус кўрикдан ўтказиб, уларнинг ҳолатини баҳолаган.

Текширувлар натижасида 17 та илоннинг табиий муҳитда мустақил яшашга яроқли экани аниқланган. Шу асосда улар Омонқўтон миллий табиат боғининг юқори тоғли қисмига олиб борилган ва инсон таъсиридан холи ҳудудга қўйиб юборилган.

Мутахассислар ёввойи ҳайвонларни асраш, уларни табиий муҳитда сақлаб қолиш ҳамда асоссиз равишда йўқ қилинишининг олдини олиш муҳим эканини таъкидлаган.

Табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бундай ишлар нафақат алоҳида ҳайвонларни асраб қолиш, балки ҳудудлардаги биохилма-хилликни сақлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Аввалроқ, июль ойида Навоий вилоятининг Нурота ва Навбаҳор туманларидаги чўл ҳудудларида 778 бош йўрға тувалоқ табиий муҳитга қўйиб юборилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур лойиҳа йўрға тувалоқ популяциясини қайта тиклаш ва кўпайтириш, биохилма-хилликни асраш, шунингдек, чўл экотизимидаги табиий мувозанатни сақлашга қаратилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар