Бошнинг қаери оғриши нимадан дарак беради: Оғриқ жойлашуви нимани англатиши мумкин?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бош оғриғининг жойлашуви унинг сабабини аниқлашда маълумот бериши мумкин, аммо бу витамин ёки минерал етишмаслигини кўрсатмайди.
- Пешона, чакка ёки энса оғриғи синус муаммолари, стресс, уйқу етишмаслиги, сувсизланиш, кўз чарчаши, шамоллаш, бўйин мушакларининг таранглиги ёки мигрен каби турли сабабларга боғлиқ бўлиши мумкин.
Бош оғриганда кўпчилик биринчи навбатда оғриқ қаерда сезилаётганига эътибор беради: пешонадами, энсадами, чаккадами ёки бошнинг фақат бир томонидами? Ҳақиқатан ҳам оғриқнинг жойлашуви шифокорга унинг эҳтимолий сабабини аниқлашда маълумот бериши мумкин. Аммо битта муҳим жиҳат бор: бошнинг қайси қисми оғриётганига қараб организмда қайси витамин ёки минерал етишмаётганини аниқ айтиб бўлмайди.
Бош оғриғи турли сабаблар билан юзага келиши мумкин. У стресс, уйқу етишмаслиги, сувсизланиш, нотўғри овқатланиш, кўзларнинг чарчаши, шамоллаш, бўйин мушакларининг таранглиги ёки мигрень билан боғлиқ бўлиши эҳтимол. Шунинг учун оғриқнинг жойи билан бирга унинг характери, қанча давом этиши ва бошқа белгилар ҳам муҳим.
Пешона оғриши нимадан бўлиши мумкин?
Пешона соҳасидаги оғриқ бир нечта ҳолатларда учрайди.
Агар оғриқ пешона, қош усти ёки кўзлар атрофида босим каби сезилса ва бурун битиши, юз соҳасида босим ёки шамоллаш белгилари ҳам бўлса, синуслар билан боғлиқ муаммо эҳтимоли кўриб чиқилади. Аммо бу ерда ҳам эҳтиёткор бўлиш керак: синус оғриғи деб ўйланган кўп ҳолатларда аслида мигрень аниқланиши мумкин.
Пешонадаги босимсимон оғриқ стресс ёки таранглик билан боғлиқ бош оғриғида ҳам кузатилиши мумкин. Бундай оғриқ кўпинча бошни тасма билан сиқиб тургандай ҳис бериши, бўйин ва елка мушакларида таранглик билан бирга келиши мумкин.
Бошнинг бир томони кучли оғриса
Бошнинг фақат бир томонида кучли, томир ураётгандек оғриқ пайдо бўлиши мигренга хос белгилардан бири бўлиши мумкин.
Мигрень пайтида оғриққа кўнгил айниши, қусиш, ёруғлик ва товушга сезгирлик ҳам қўшилиши мумкин. Айрим одамларда оғриқдан олдин кўришда ўзгаришлар, чақнашлар, увишиш ёки бошқа вақтинчалик белгилар — «аура» пайдо бўлади.
Шу сабабли «бошнинг бир томони оғриса, демак фалон витамин етишмаяпти» деган хулоса қилиш тўғри эмас.
Энсадаги оғриқ нимани англатиши мумкин?
Энсадаги оғриқ кўпинча бўйин ва елка соҳасидаги таранглик билан бирга учрайди. Айниқса узоқ вақт компьютер ёки телефонга эгилиб ўтириш, стресс ва уйқу муаммолари бош оғриғини кучайтириши мумкин.
Таранглик туридаги бош оғриғида оғриқ пешонада, бошнинг икки ёнида ёки энса қисмида сезилиши, бош атрофида босим ёки сиқилиш ҳисси пайдо бўлиши мумкин.
Шунинг учун энса оғриганда фақат бошнинг ўзига эмас, бўйин ва елкадаги ҳолатга ҳам эътибор бериш муҳим.
Чакка соҳасидаги оғриқ-чи?
Чаккадаги оғриқ ҳам битта аниқ касалликни англатмайди. У таранглик туридаги бош оғриғи, мигрень ва бошқа турдаги бош оғриқларида кузатилиши мумкин.
Шу сабабли оғриқнинг айнан чаккада жойлашгани эмас, балки унинг қандай кечаётгани муҳим: у сиқадими ёки томир урадими, бир томонлама ёки икки томонлама, қанча вақт давом этади, ҳаракатланганда кучаядими, кўнгил айниш ёки ёруғликка сезгирлик борми — шифокор учун ана шу маълумотлар муҳим аҳамиятга эга.
Кўз атрофидаги бош оғриғига ҳам эътибор керак
Кўз атрофи, пешона ёки юз соҳасидаги оғриқ синуслар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ мигрень ҳам бу соҳаларда оғриқ ёки босим ҳиссини келтириб чиқариши эҳтимол.
Айниқса кўз атрофидаги оғриқ кўришда ўзгариш, кўзнинг қизариши ёки бошқа ғайриоддий белгилар билан бирга кузатилса, уни оддий бош оғриғи деб қабул қилмаслик керак.
Бош оғриғи витамин етишмаслигидан дарак берадими?
Бу саволга битта оғриқ нуқтасига қараб жавоб бериш мумкин эмас.
Интернетда пешона, энса ёки чаккадаги оғриқни муайян витамин ва минераллар етишмаслиги билан боғлайдиган маълумотлар кўп учрайди. Аммо бош оғриғининг жойлашуви организмда айнан қайси модда камлигини ишончли кўрсатиб бермайди.
Шунинг учун бош оғриғи пайдо бўлганида ўзбошимчалик билан витамин ёки қўшимчалар қабул қилишдан кўра, оғриқнинг такрорланиш сабабини аниқлаш муҳим.
Оғриқнинг жойидан кўра яна нималар муҳим?
Шифокор бош оғриғини баҳолашда бир нечта жиҳатга эътибор беради:
оғриқ қаерда ва қандай бошлангани;
сиқувчи, зирқираловчи ёки томир ураётгандек экани;
қанча вақт давом этиши;
қанчалик тез-тез такрорланиши;
ҳаракат, ёруғлик ёки товуш таъсирида кучайиши;
кўнгил айниши ёки қусиш бор-йўқлиги;
кўриш, нутқ, сезги ёки ҳаракатда ўзгаришлар кузатилиши;
уйқу, стресс, овқатланиш ва суюқлик истеъмоли билан боғлиқлиги.
Бош оғриғи кундалигини юритиш ҳам қайси ҳолатлардан кейин оғриқ пайдо бўлишини аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Қачон бош оғриғини жиддий қабул қилиш керак?
Ҳар бир бош оғриғи хавфли касаллик белгиси эмас. Аксарият ҳолатларда бош оғриғи жиддий муаммо билан боғлиқ бўлмайди. Аммо айрим белгилarda зудлик билан тиббий ёрдам талаб қилиниши мумкин.
Айниқса бош оғриғи:
тўсатдан ва жуда кучли бошланса;
бош жароҳатидан кейин пайдо бўлса;
нутқ бузилиши билан бирга келса;
қўл ёки оёқда кучсизлик ёки увишиш пайдо бўлса;
кўриш кескин ўзгарса;
ҳуш бузилиши, талваса ёки кучли бош айланиши кузатилса;
юқори иситма ва бўйин қотиши билан бирга бўлса;
шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.
Энг муҳими — оғриқнинг манзили эмас, унинг умумий манзараси
Бошнинг қаери оғриши баъзи ҳолатларда сабабни тахмин қилишга ёрдам беради, аммо у мустақил ташхис эмас. Пешонадаги оғриқ ҳам, энсадаги оғриқ ҳам турли сабабларга эга бўлиши мумкин.
Шунинг учун бош оғриғи тез-тез такрорланса, кучайса, аввалгидан бошқача тус олса ёки кундалик ҳаётга халақит берса, сабабини фақат интернетдаги белгилар орқали излаш ўрнига шифокорга мурожаат қилиш тўғри йўлдир.
Бош оғриғи — организмнинг «қайси витамин етишмаяпти» деган аниқ хабарномаси эмас. Уни тўғри тушуниш учун оғриқнинг жойи билан бирга бутун белгилар мажмуасига қараш керак.































Изоҳлар 0
…