53 соат рулда бўлган таксичи одам ўлимига сабаб бўлди

53 соат рулда бўлган таксичи одам ўлимига сабаб бўлди

Буюк Британияда уч кун давомида қарийб 53 соат автомобиль бошқарган 45 ёшли такси ҳайдовчиси одам ўлимига сабаб бўлгани учун олти йилга қамалди. Бу ҳақда TaxiPoint хабар берди.

Ҳодиса 2025 йил 17 август куни эрталаб соат 06:30 лар атрофида Суррей графлигидаги Мерстем ҳудудидан ўтувчи A23 йўлида содир бўлган.

Коловоле Эрункулу бошқарувидаги Audi автомобили йўлдан чиқиб, йўл четидаги махсус тўхташ жойига кириб кетган. Ўша вақтда 59 ёшли Филип Дрей дам олиш учун Volkswagen автомобилини шу ерга қўйган ва машинасининг ҳайдовчи эшигини очиб, ичига ўтираётган бўлган. Audi уни уриб юборган ва Филип Дрей воқеа жойида ҳалок бўлган.

Тергов давомида Эрункулу ҳалокатдан олдинги уч кун ичида жами қарийб 53 соат рулда бўлгани аниқланган. Шу даврдаги энг узоқ танаффуси атиги етти соатни ташкил этган. Бундан ташқари, у тахминан тўрт соатлик ва икки соат атрофидаги танаффуслар қилган.

Фожиа олдидан эса Эрункулу қарийб 12 соат давомида таксичилик қилган ва етарлича дам олмаган. Автомобиль ичидаги камера ёзувлари уни рулда бир неча сонияга ухлаб қолганини кўрсатган. Айнан шу пайтда Audi йўлдан чиқиб, йўл четида турган Филип Дрейни уриб юборган.

Эрункулу одам ўлимига олиб келган хавфли ҳайдашда айбини тан олган. Суд уни олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, унга саккиз йил давомида автомобиль бошқариш тақиқланди.

Агар у келажакда яна ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни истаса, кенгайтирилган имтиҳондан ўтиши талаб этилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар