Россиядаги вабо ҳақидаги хабарлар ортидан Қирғизистон чегара назоратини кучайтирди

Россиядаги вабо ҳақидаги хабарлар ортидан Қирғизистон чегара назоратини кучайтирди

Қирғизистон Россияда вабо касаллиги қайд этилгани ҳақида тарқалган хабарлар ортидан давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида санитария-карантин назоратини кучайтирди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, барча санитария-карантин пунктлари кучайтирилган иш тартибига ўтказилган. Чегарада мутахассислар фуқаролар, транспорт воситалари ва юклар ҳаракатини назорат қилмоқда.

Вазирлик бу чоралар юқумли касалликлар, жумладан, ўта хавфли инфекцияларнинг мамлакат ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётганини билдирди. Вазият санитария-эпидемиология хизмати томонидан назоратга олинган.

Вабо — асосан ифлосланган сув ёки озиқ-овқат орқали юқадиган ўткир ичак инфекцияси бўлиб, кучли сувсизланишга олиб келиши мумкин. Шу сабабли касалликнинг олдини олишда тоза ичимлик сувидан фойдаланиш ва санитария қоидаларига риоя қилиш муҳим.

Аввалроқ Россиянинг Иркутск вилоятидаги шифохонада бемор аёл вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу воқеадан сўнг ижтимоий тармоқларда унинг ўлими вабо билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар пайдо бўлди. Бироқ инфекция сабаби ҳозирча расман тасдиқлангани ҳақида маълумот йўқ.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар