Турк қўшиқларига рақс тушиб машҳур бўлган бразилиялик чиқинди йиғувчи оғир аҳволга тушди

Бразилиялик 38 ёшли Луис Фернандо Санчес турк қўшиқлари остида рақс тушиб, чиқинди йиғиш жараёни акс этган видеолари орқали ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган. У, айниқса, Туркияда кўплаб мухлисларга эга бўлиб, Таркан, Мустафа Сандал ва Маҳсун Қирмизиғул қўшиқларига рақс тушган видеолари билан танилган. Бу ҳақда Туркиянинг Habertürk нашри ҳам хабар берган.
Тарқалган маълумотларга кўра, Санчес яқинда иш вақтида жароҳат олганидан сўнг қўл-оёқларида кучсизликни сезган. МРТ текширувида бўйин умуртқасининг C4–C5 қисмида диск чурраси аниқлангани айтилмоқда. Бироқ унинг аҳволига нима сабаб бўлгани ҳали ўрганилмоқда.
Дастлабки хабарда айтилишича, Санчес тахминан олти ой давомида ишлай олмаслиги мумкин. У даволаниш вақтида даромад топиш учун обуначиларидан реклама буюртмалари орқали қўллаб-қувватлашни сўраган.
Унинг энг катта истаги — соғлиғини тиклаб, яна одатдаги ишига ва мухлисларига таниш бўлган рақсларига қайтиш.






























Изоҳлар 0
…