Гвинеяда чиқинди полигони қулади

Гвинеяда чиқинди полигони қулади

Гвинея пойтахти Конакрида кучли ёмғир ортидан чиқинди полигонида кўчки юз берди. Фожиа оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган, яна 22 киши жароҳатланган. Улардан олти нафари оғир, 16 нафари эса енгил жароҳат олган.

Ҳодиса 23 август куни тонгги соат тахминан 02:00 да Конакрининг Гбессия коммунасидаги Дар-эс-Салам чиқинди полигонида содир бўлган. Кечаси ёғган кучли ёмғир натижасида улкан чиқинди уюми ўпирилиб, унинг яқинидаги чодирлар, вақтинчалик уйлар ва бошқа турар жойларни босиб қолган.

Қутқарувчилар воқеа жойига махсус техника ва экскаваторлар билан етиб келиб, вайроналар остида қолган одамларни излашга киришган. Жароҳатланганларнинг бир қисми Конакридаги Донка университет шифохонасига олиб борилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қулаган чиқинди массаси шу қадар катта бўлганки, яқин атрофдаги уй-жойлар ва ҳатто кўп қаватли бинолардан бирини ҳам кўмиб юборган. Маҳаллий аҳоли вакили Сире Диалло эса фожиа оқибатида беш нафар фарзандининг барчасидан айрилганини билдирган.

Фожиа ҳукумат полигон хавфли эканидан огоҳлантирганидан бир неча кун ўтиб содир бўлган. 20 август куни мамлакат ҳудудий бошқарув вазири Женабу Туре полигон ёпилиши ва чиқиндилар Конакридан ташқари ҳудудга кўчирилишини маълум қилган эди.

Гвинея Бош вазири Амаду Ури Баҳ воқеа жойига бориб, вазиятни кўздан кечирди ва қутқарув ишларини назорат қилди. Ҳукумат аҳолини хотиржамликни сақлаш, бирдам бўлиш ҳамда қутқарув хизматлари кўрсатмаларига қатъий амал қилишга чақирди.

Гвинеяда чиқинди полигони қулади
Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар