18:39 / 10.06.2018
4 387

“С919” русумидаги самолёт дунёни лол қолдирди

“С919” русумидаги самолёт дунёни лол қолдирди
Xитойлик мутахассилар томонидан “С919” русумидаги самолёт яратилди. Таъкидлаш керакки, самолёт синови муваффақиятли ўтди. Барча техник синовлар муваффақиятли ўтганидан сўнг самолёт расман фойдаланишга топширилади.

Хитой катта бозор бўлиб, мамлакат аҳолиси мунтазам ўсиб бормоқда. Иқтисодиёти барқарор бўлиб, халқ фаровонлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида янги самолётларга талабнинг ошиб боришига сабаб бўлади. Сўнгги вақтларда Хитойда фуқоро авиацияси ривожи учун катта қадамлар ташланди.

Айни дамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътибори Хитойга қаратилди. Хитойлик мутахассислар томонидан яратилган илк йўловчи самолёти кенг жамоатчилик эътиборига хавола этилмоқда. Мухбирларнинг хабар қилишича, С919 самолётига қизиқиш катта бўлмоқда. “Бу Хитой фуқоро авиасозлиги тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлди”, дейди мамлакат Фуқоро Авиацияси бошқармаси раҳбари Ли Цзясян. Унинг айтишича, шу кунга қадар Хитой самолётларни асосан импорт қиларди, эндиликда эса мазкур муаммо қисман хал қилинади.

Ҳар йили Airbus ва Boeing комапаниялари янги самолётларга бўлган эҳтиёжларни ўрганиб чиқиб, ўз прогнозларини беради. 2009 йилда “Боинг” ва “Аэробус” компаниялари жаҳон авиация бозоридаги яқин 20 йиллик йўналишга бағишланган Ҳисоботни эълон қилган эди. Маълум бўлишича, ҳар икки компаниянинг жаҳон авиабозоридаги вазиятга бағишланган прогнозлари деярли бир хил бўлиб чиқди. Мазкур компанияларннинг фикрича, Хитой иқтисодиётидаги барқарор ривожланиш бозор талабининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Тахминларга кўра, 2029 йилгача бўлган муддатда Хитой эҳтиёжлари учун 3 минг 689 — 3 минг 800тагача янги самолётлар керак бўлади. Бу ўз навбатида мамлакатнинг ўзида йўловчи самолётларини ишлаб чиқариш заруриятини юзага келтиради. Шу сабабли йирик йўловчи самолётларини ишлаб чиқариш Хитой олдида турган стратегик мақсадлардан бири бўлиши шубҳасиз. Осмон ости мамлакатида замонавий авиация саноати пайдо бўлганидан кейин асосий эътибор мудофаа масалаларига қаратиб келинарди. Шу ўринда жаҳон авиация саноати компаниялари ҳам йўловчи, ҳам ҳарбий самолётлар ишлаб чиқаришини эслатиб ўтиш керак. “Боинг” ҳам, “Аэробус” ҳам ҳарбий самолёт ишлаб чиқаради, кўплаб мамлакатлар ўзларининг ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш мақсадида бу компаниялардан харбий самолётлар харид қилади.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Мао Цзэдун “Хитой катта мамлакат. Биз барча маҳсулотларни ишлаб чиқара олмаймиз. Аммо самолёт ва автомобилларга ўхшаш маҳсулотлар ҳам борки, биз бу каби маҳсулотларни албатта ишлаб чиқаришимиз керак”, деган эди. С919 русумидаги самолётларнинг ишлаб чиқаришга киришилаётгани ана ўша гапларнинг рўёбга чиқаётганидан далолат беради.

Маълумки, самолёт Шанхай яқинидаги Пудун заводи цехларида йиғилди. Мазур самолётнинг яратилишида 200 мингга яқин киши иштирок этди. Шуни таъкидлаш керакки, С919 самолётини яратишда хитойлик мутахассислар хорижлик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилишди. Лойиҳада жаҳондаги 30дан ортиқ авиакосмик компаниялар вакиллари қатнашди.

Мазкур самолёт 2018 йилдан бошлаб эса йўловчиларга хизмат кўрсатиш бошланади. Бу ҳақда Тижорат самолётлари корпорацияси Бошқаруви раиси Цзинь Чжуанлун маълум қилди. С919 самолётидан ички йўналишларда фойдаланиш айтилмоқда. Самолёт бир вақтнинг ўзида 158 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади. У 4 минг75 километр масофагача парвоз қилади. Бироқ 5 минг 555 километргача парвоз қилиш имкониятлари ҳақида ҳам айтилмоқда. Хавфсизлик, шинамлик, экологик тозалиги ва тежамкорлиги нуқтаи назаридан С919 бошқа самолётлар билан бемалол рақабатлаша олиши ҳақида баёнот берилди. Айни дамда мамлакат ва хорижий авиакомпаниялардан 517 та самолёт учун буюртма тушгани маълум қилинди.

Шарофиддин Тўлаганов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “С919” русумидаги самолёт дунёни лол қолдирди