10:54 / 07.02.2019
4 108

Виктор Янукович Москвада нималар ҳақида гапирди: инқилоб, сайлов, Порошенко ва Донбасс

Виктор Янукович Москвада нималар ҳақида гапирди: инқилоб, сайлов, Порошенко ва Донбасс
Москвада Украинанинг инқилоб воситасида қудратдан кетказилган собиқ президенти Виктор Януковичнинг матбуот анжумани ўтказилди. У Порошенко навбатдаги сайловларда нега ғолиб чиқа олмаслиги ва Донбассдаги урушни қандай тўхтатиш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

2014 йилги воқеалар ва унинг оқибатлари ҳақида
“Инқилоблар давлат ва бу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Фақат ҳаёт кечиришнинг оғирлашуви, тоқатсизлик ва нафрат, ифлослик ва ёлғон келтиради… Ўтган беш йилни Украинанинг мустақиллик йилларидаги энг қора саҳифалар деб биламан. Биз ҳарбий қарама-қаршилик деб аталувчи, кўплаб қурбонларга сабаб бўлган жараёнларга гувоҳ бўлдик. Бу ҳодисаларга аллақачон баҳо бериш керак, лекин бу баҳо украинача бўлмаслиги лозим. Чунки Украинада ҳозир ҳокимият бу жиноятларни бошлаган инсонлар қўлида. Улар Конституция ва қонунларни оёғости қилишмоқда, суд деб аташга тил бормайдиган жараёнларни ташкиллаштиришмоқда. Булар шунчаки бир спектакль. Украинада бошбошдоқлик бу қадар палак ёзган давр ҳеч қачон бўлмаган”.

Украинадаги ҳаёт даражаси ҳақида
“Инсонлар ҳаёти оғирлашди. Аҳоли қашшоқлашди. Иқтисодиёт таназзулга юз тутган, қарзлар ошиб бормоқда. Инвестициялар нол даражада. Ҳукумат олаётган кредитларни қайтариш украиналикларнинг келгуси авлодлари гарданига тушади. Шу беш йил ичида 6 миллионга яқин украиналиклар яшаш учун бошқа давлатларга чиқиб кетган. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган”.

Бўлажак президентлик сайловларида овозларни сохталаштириш ҳақида
“Ҳокимият ҳар қандай йўл билан овозларни сохталаштиришга ҳаракат қилади, чунки усиз Порошенко ғолиб чиқа олмайди. Таҳлилчилар ушбу сайлов энг ифлоси бўлишини тахмин қилишмоқда. Ҳозирги ҳокимият ҳам ҳалол сайлов ўтказишга қодир эмас”.

Донбассда урушни қай тариқа тўхтатиш ҳақида
“Ҳаммаси кўнгил ҳолати ва мақсадларга боғлиқ. Порошенконинг урушни тугаллаш истаги йўқ. Уруш унга ҳокимиятда қолишга ёрдам беради. Донбассда яшаётган Украина фуқаролари билан музокара столига ўтириш керак. Бу можарони бартараф этиш учун ягона йўл”.

Пётр Порошенко ҳақида
“Мен Пётр Порошенкони азалдан ва жуда яхши биламан. Гап шундаки, у давлат одами эмас. У — бизнесмен ва унинг учун биринчи галда шахсий манфаат ва пул туради. У ҳамма нарсани шу иккисига айрибошлашга тайёр инсон. Алоҳида сифатлари — ёлғончилик, мен уни таниганимдан буён нафақат менга, доимо ҳаммага ёлғон сўзлаб келган. Ҳар қандай йўл билан шахсий бойлик тўплайди, бунинг учун у ҳокимиятдан ҳам, ўзидан мавжуд барча имкониятлардан фойдаланади. Унинг сайловда қандайдир имкониятлари бўлишига ишонмайман, гарчи у айёр ҳисобланса-да”.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Виктор Янукович Москвада нималар ҳақида гапирди: инқилоб, сайлов, Порошенко ва Донбасс